French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Донорлик акциясида 30 дан ортиқ ташкилотдан ходимлар иштирок этди
20:38 / 2025-12-06

Пойтахтимизда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Мен донорман” ҳафталиги доирасида республика бўйлаб кенг кўламли донорлик акцияси ўтказилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 9 августдаги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда қон билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, аҳолида, айниқса, ёшлар орасида беғараз донорлик маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида вазирлик, идора ва ташкилотларда ҳар ойда “Қон донорлиги ҳафталиги”ни ўтказиш белгиланган.

Акция доирасида Тошкент шаҳри, Яккасарой туманидаги Республика қон қуйиш маркази ва унинг ҳудудий бўлимларида донорлар қабул қилинди.

Ушбу хайрия ташаббуси республиканинг барча ҳудудларидан кенг оммани жалб этди. 

Жумладан, 30 дан ортиқ республика ташкилотлари, сиёсий партиялар, қўмиталар, идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, 208 та туман ва шаҳардан келган ходимлар, маҳалла етакчилари, кўнгилли ёшлар фаол иштирок этдилар.

[gallery-26610]

Акцияда тўпланган қон препаратларидан ажратиладиган албумин дори воситалари онкология ва гематология марказларида даволанаётган болаларга беғараз тақдим этилади.

“Мен донорман” ҳафталиги аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва ижтимоий масъулият тушунчаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. 

Донорлик ҳаракати мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлашнинг муҳим бўғинига айланган бўлиб, мазкур ташаббус доирасида минглаб инсонлар ўз хайрли ҳиссасини қўшди.

Гулноза Бобоева, Носиржон Ҳайдаров(сурат), ЎзА