“Адолат” СДП томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” акцияси 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан яна давом эттирилди. Республика қон қуйиш маркази ва унинг барча бўлим ва филиалларида, вилоят, шаҳар, туман тиббиёт бирлашмаларида беғараз қон топшириш акцияси уюшқоқлик билан ўтказилди.
Акцияга тайёргарлик жараёнида партия ҳамкорлик қилиб келаётган бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларига аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш ва донорлик ҳаракатида кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш бўйича таклифлар юборилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали халқимизга мурожаатлар йўлланиб, акцияда кўнгилли сифатида қатнашиш таклиф этилди. Натижада кўплаб юртдошларимиз, ҳарбийлар, ёшлар ўз ихтиёри билан ушбу хайрия акциясида фаол иштирок этиб, беморлар учун зарур қон захирасини жамғаришга ҳисса қўшди.
9 йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу акция юртдошларимиз томонидан тобора кўпроқ қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, 2024 йилда ўтказилган акция доирасида 4 мингга яқин кўнгилли иштирок этган. Натижада 1 минг 700 литрдан ортиқ қон захираси жамғарилган. Жорий йил 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида ўтказилган тадбирларда эса 7 минг 643 нафар саховатли юртдошларимиз қатнашди. Улар топширган 3 минг 570 литр ҳаёт томчилари 9 мингга яқин бемор болажонларни даволаш йўлида ишлатилган.
Бундан кўриниб турибдики, бир йил ичида донорлар сони қарийб икки баробарга, тўпланган қон миқдори эса 109 фоизга ошган. Бу аҳолининг партия ташаббусига ишончи ортиб бораётгани, жамиятда беғараз ёрдам кўрсатишга интилиш кучаяётганидан далолат беради.
Афсуски, қон ва қон препаратларига мавжуд эҳтиёж захираларга қараганда анча юқори. Статистик маълумотларга кўра, бугун юртимизда аҳолининг атиги 0,4 фоизи донор сифатида рўйхатга олинган. Айрим давлатларда бу кўрсаткич 3-4 фоизгача етади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларида ҳам донорлар аҳоли сонининг камида 1 фоизини ташкил этиши лозимлиги белгилаган.
Шундан келиб чиқиб, юртимизда қон топширишни умумхалқ ҳаракатига айлантириш юзасидан қатор амалий ишлар олиб бориляпти. Жумладан, кўп маротаба қон топширган инсонларга “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони таъсис этилган бўлиб, унга сазовор бўлган юртдошларимиз базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида мукофот билан рағбатлантирилади. Шунингдек, фахрий донорлар жамоат транспортидан бепул фойдаланиш, ўзлари учун қулай вақтда йиллик меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга бўлади. Доимий донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари агар стационар даволанишда бўлиб, қон ёки қон компонентларига эҳтиёж сезса, имтиёзли асосда олиши кафолатланган.
Эътироф этиш лозимки, халқимиз инсонпарварлик ва меҳр-оқибат туйғуларини, бемор ҳолидан хабар олиш, уларга кўмак кўрсатишни инсонийлик рамзи деб билади. Агар бемор ёш болалар бўлса, бу масъулият янада ортади. Юртимизнинг барча ҳудудидаги бемор болажонлар соғайиб, оёққа туриб кетиши учун дори-дармонлар билан бир қаторда қон ҳам жуда муҳим. Кўнгилли инсоннинг болалар учун топширган қони бемор дардига шифо бўлиб, унинг ҳаётга бўлган ишончини оширади.
Бу галги беғараз донорлик ҳаракатида ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи вакиллари, ўқитувчилар, шифокорлар, журналистлар, муҳандис ва ахборот технологияси мутахассислари, тадбиркорлар, ҳайдовчилар, талаба-ёшлар – умуман турли ёш ва қатлам вакиллари иштирок этгани партия ташаббусининг умумхалқ ҳаракатига айланиб бораётганидан дарак беради.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА