Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Донор қони асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг хусусий тартибига рухсат берилмоқда
15:32 / 2022-12-19

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари, шу жумладан, «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Депутатлар дастлаб «Фармацевтика соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.  

"Мазкур қонун лойиҳаси билан «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги ҳамда «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда, – деди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориев. – Унга кўра, донор қонини тўплаш ва унинг асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни хусусий тартибда амалга ошириш ҳамда дори воситаларининг клиник тадқиқотларини соғлом кўнгиллиларда ўтказишга рухсат бериш назарда тутилмоқда".  

Шунингдек, қонун лойиҳасидаги нормалар билан таркиби бир хил бўлган дори воситаларини бир ишлаб чиқарувчи томонидан турли савдо номлари остида ишлаб чиқаришга чекловни бекор қилиш ҳамда бу орқали аутсорсинг асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни давлат рўйхатидан ўтказишни такомиллаштириш таклиф этилмоқда.  

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.  

Навбатдаги масала «Истеъмол кредитини ажратиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган «Истеъмол кредити тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси бўлди. Қайд этилганидек, амалдаги қонунчилигимизга кўра, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган товар ва хизматлар учун молиявий истеъмол кредити ажратилиши тақиқланган. Мазкур қонун лойиҳасида ушбу чеклов олиб ташланиши ҳамда бу ўзгариш орқали мамлакатимиз аҳолисининг таълим олиш, меҳнат қилиш ва турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида улар учун зарур бўлган барча истеъмол товар ва хизматлари билан тўлақонли таъминлаш назарда тутилмоқда. 

Фракция аъзолари «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги»ги қонун лойиҳасини ҳам қизғин муҳокама қилиб, партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда асосий эътиборни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалаларига қаратди. Қизғин муҳокама ва таклиф-тавсиялардан сўнг лойиҳа маъқулланди.  

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА