Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дониёр Тошхўжаев: журналистларнинг жамиятдаги фаоллиги ИИО ходимларини ҳам сергак тортирмоқда
18:22 / 2020-12-30

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ички ишлар органларини эл-юрт манфаатига хизмат қиладиган чинакам халқчил тизимга айлантириш йўлида жиддий ислоҳотларга киришилди. Бу ишлардан кўзланган пировард мақсад ҳам тинчлик-осойишталикни сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишдир. 3 миллион 800 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Фарғона вилоятида бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Дониёржон Тошхўжаев билан ана шу хусусида суҳбатлашди.

Дониёр Бахтиёрович, Фарғона вилоятида иш бошлаганингизга бир йил бўлмоқда. Шу вақт мобайнида ўз олдингизга қўйган мақсад ва режаларга эриша олдингизми?

– Авваламбор, ушбу суҳбатга таклиф қилганингиз учун чин кўнгилдан миннатдорман. Ҳа, Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият бошлаганимга 11 ойдан зиёдроқ вақт ўтди. Ёдингизда бўлса, 2020 йилнинг февраль ойида ўтказилган брифингда вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамиша оммавий ахборот воситалари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, очиқлик ва ошкоралик сиёсатини олиб боришини айтган эдим. Айни мақсадимиз йўлида ижобий натижаларга эришдик деб ўйлайман.

Сўзимни айни мавзудан бошлаганим бежиз эмас. Шаффофлик бўлган жойдагина ривожланиш бўлади. Биз йил бошидан вилоят ИИБ фаолиятида янгича таҳлил асосида рақамлар ортидан қувиш ўрнига, сифатга энг биринчи эътиборни қаратдик.

Жиноятни “катта-кичиклигидан” қатъий назар унга муросасизлик билан муносабат билдирилиши ҳамда очиқлик, шаффофлик, ошкоралик, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини таъминланишигина фуқароларни ички ишлар органларига нисбатан бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси фаолиятига жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги хабарларни қабул қилиш ва қайд этишнинг автоматлаштирилган «102» тизими Республикамизда биринчилардан бўлиб, синов тариқасида ишга туширилди. Бундай ахборот технологияларини тизимга жорий этишнинг самараси ниҳоятда катта.

Дейлик, шаҳар ёки туман марказидан олисда кўнгилсиз ҳодиса содир бўлди. Тергов-тезкор гуруҳи ҳодиса жойига етиб келгунига қадар маълум вақт ўтиши ёки йўқотилиши мумкин. Эндиликда янги марказлашган “102” тизимига хабар келиб тушиши билан ўша ҳудудга энг яқин масофада хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимларига бу ҳақда зудлик билан маълумот берилиб, жиноят содир этилган жой тезкорлик билан назоратга олинади. Натижада далилларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни йўқ бўлиб кетишини олдини олиш, жиноятларни иссиқ изидан фош этиш, жиноятчиларни ушлаш, жабрланган шахсларга ёрдам кўрсатиш, ҳодиса жойини дарҳол қамровга олиш каби имкониятлари кенгаяди.

Дарвоқе, марказлашган “102” тизими фуқароларга нима беради, дейишингиз мумкин. Давлатимиз раҳбари Президент сифатида иш бошлаган илк кунлариданоқ тиббиёт ва ички ишлар органлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратдилар. Президентимиз таъбири билан айтганда, инсон саломат бўлсагина, касбу-кори билан меҳнат қилиб, ризқ топади. Ҳуқуқи поймол бўлмаса, хотиржамлигини йўқотмайди. Одамлар соғлигидан шикояти бўлса, тиббиёт соҳасига, ҳуқуқлари бузилганда эса ИИОларига нажот сўраб мурожаат қилади.

Шундай пайтлар ҳам бўлганки, воқеа жойига ҳатто профилактика инспектори 4-5 соатдан сўнг етиб борган. Энг ачинарлиси, ўз ҳудудида жиноятчилик ўсиб кетишидан қўрқиб, рақамлар ортидан қувган ходимлар аксарият жиноятларни тегишли тартибда қайд этиш ўрнига уни яшириш пайида бўлганлар. Бунинг ортидан эса, биз юқорида айтгандек, ҳақиқат излаган фуқаронинг ҳуқуқлари поймол этилиб, муаммолари ҳал этилмай қолаверган. Бу аччиқ бўлсада тан олиниши керак бўлган ҳақиқат.

Эндиликда Фарғонада рақамга эмас, сифатга аҳамият берилади. Жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳақида “102” тармоғига келиб тушган хабардан сўнг кўпи билан 5 дақиқа ичида ички ишлар органлари ходимлари воқеа жойига етиб келиб, жиноятларни иссиқ изидан фош этишга эришиш бизнинг энг катта мақсадимиз. Натижада қонун устуворлиги, жазо муқаррарлиги сўзсиз таъминланади. Бу эса, ўз-ўзидан халқимизнинг ИИОга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.  Уларни ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашларига замин яратади.

Жорий йилда ички ишлар органларининг баъзи бир ходимларини ноқонуний хатти-ҳаракатлари эътироз ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Вилоятда шундай ходимлар ҳам борми?

– Бу албатта, аудитория учун қизиқ мавзу. Биласизми, интернет тармоқлари, умуман олганда, журналист ва блогерларнинг фаолияти айни пайтда биз учун жуда зарур. Сабаби улар кундалик ҳаётда рўй бераётган воқеа -ҳодисаларни тезкорлик билан омма ҳукмига ҳавола қилмоқда. Шу ўринда, биз ҳам айрим ходимларимизнинг ноўрин хатти-ҳаракатларини ижтимоий тармоқлардаги хабарлардан кўриб, билиб турибмиз.

Президентимизнинг “Катта раҳмат, оммавий ахборот воситалари ва блогерларга. Кўп-кўп нарсалар Ўзбекистонда очиқ айтиляпти, ҳамма буни кўриб турибди. Лекин битта нарсани билинглар, бу очиқлик ҳеч қачон орқага қайтмайди! Қанча кўп очиқлик бўлса, оммавий ахборот воситалари одамларимизга ҳақиқий муаммоларни қанча кўп етказса, мен раҳбар сифатида улардан миннатдор бўламан”, деган сўзлари барчамиз учун ўрнак бўлиши керак.

Ҳали юқорида таъкидлаганимдек, бизнинг эшикларимиз ҳамиша ОАВ учун очиқ. Фарғона вилояти ИИБ имиджига салбий таъсир қиладиган маълумотлар интернет тармоқларида тарқалди, албатта. Лекин биз ҳар битта ҳолатни синчковлик билан ўрганиб, берилган хабарларга расмий баёнотлар бериб боряпмиз.

Бунда албатта бир томонлама эмас, агарда ходимларимиз ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этган бўлса уларга тайинланган хизмат текширувлари ва таъсир чоралари ҳақида батафсил ёритилмоқда.

Яна бир жиҳат, жамоатчилик назорати, журналист ва блогерларнинг жамиятдаги фаоллиги ИИО ходимларини ҳам сергак тортириб, хизмат фаолияти давомида тартибли ҳаракат қилишга, хато қилмасликка ундаётганлиги ҳам ҳақиқат.

Фарғона вилоятидаги криминоген вазият, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш борасидаги ишлар ҳақида ҳам гапириб берсангиз?

- Жиноятчиликни олдини олишдаги энг таъсирчан ва самарали профилактика бу – жиноят ва ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида рўйҳатга қўйиш ва унга муросасиз муносабатда бўлишдир. Шу билан бирга халқимиз розилигини олиш ҳар қандай рақамлардан ҳам устун.

Фарғона вилоятида жорий йилнинг 11 ойи давомида 9153 та жиноятлар қайд этилди. Шундан, содир этилган жиноятлар 5 минг 422 тани ташкил қилди. ИИО ходимларининг бевосита ташаббуси ва тизимда олиб борилаётган самарали чора-тадбирлар натижасида ноқонуний қурол сақлаш, наркотик моддалар сотиш, сақлаш, етиштириш, порахўрлик каби 1 минг 396 та жиноятлар аниқланди ва тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо берилди. Эътиборлиси, мана шунча рақам ортида инсон тақдири, унин шаъни, қадр-қиммати бор. Қурол бир куни отади, гиёҳванд моддалар эса фарзандларнинг майиб-мажруҳ, ногирон туғилишига, оилаларнинг бахтсиз бўлишига олиб келади. Демакки, юқоридаги каби жирканч иллатларга барҳам берилиши ана шундай салбий оқибатларнинг олдини олишга хизмат қилди.

Яна бир жиҳат, дастлабки тергов давомида аниқланган қўшимча жиноятлар бир ярим мингдан зиёдни ташкил қилди. Бу албатта, тергов ходимларининг сайи-ҳаракати, профессионал касб маҳорати билангина фош этилган ҳолатлар. Ачинарлиси, ушбу жиноятларнинг аксарияти фирибгарлик билан боғлиқ бўлиб, натижада занжирсимон кўриниш касб этувчи жиноятларнинг фош этилишига эришиляпти.

Халқимизнинг минг йиллик қадриятлари натижаси сифатида шаклланган яраштирув институти шахсан Президентимизнинг ташаббуси билан амалиётга жорий қилинди. Бу Жиноят-процессуал кодексининг

325-моддасида ҳам ўз ифодасини топди. Яъни қариндошлар, қўни-қўшнилар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, низолар томонларнинг розилиги билан ярашув орқали тугатилади.

Бош прокуратура, Олий суд, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Миллий гвардиясининг Қўшма қарорига асосан 2020 йилнинг 30 апрель санасидан эътиборан иш фақат жабрланувчининг шикояти билан қўзғатиладиган ҳолларда унинг шикояти мавжуд бўлмаганлиги асоси билан ЖПК 84-моддаси тартибида жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ёки жиноят ишини тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, жиноятларни ҳисобга қўйиш тартиби жорий этилди. Ана шундай жиноятлар вилоятда 2020 йилнинг 30 апрель санасидан  қўшма қарор асосида рўйхатга олиш бошланиб, уларнинг сони 633 тани ташкил этди. Айнан Жиноят-процессуал кодексининг 325-моддасида кўрсатилган талабларни суиистеъмол қилиниш ҳолатлари, шу жумладан кўрсаткичларни яхшилаш учун айримлар ўғрини ҳам тўғрини ҳам, бир-бирига бегона жабрланувчи ва гумонланувчиларни ҳам яраштиришга уриниш ҳолатлари бўлган. Энди бундай бўлмайди.

Шунингдек, ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 6-бандига кўра жиноят ишини қўзғатиш рад этилган ёки жиноят иши тугатилган ҳолларда тегишли статистик карточкалар тўлдирилиши тартибига амал қилинмаган ҳолатларда жиноятни ҳисобдан яшириш сифатида баҳоланиши кўрсатиб ўтилди.

Фарғона вилоятида йўл-транспорт ҳодисалари жуда кўп содир этилади. Буни рақамлар ҳам кўрсатиб турибди. Сиз ОАВ вакиллари билан ўтказилган учрашувда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги жиддий муаммоларни таъкидлаб, бу бўйича бир қатор ишларни амалга ошириш кераклигини айтган эдингиз. Бу борадаги ишлар ҳолати қандай?

- Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳар бир йўл-транспорт ҳодисаси ортида биттадан бир неча нафар инсон тақдири ётибди. Кунлик воқеа -ҳодисаларни ҳисоботини ўқиб бораман. Биласизми, қурбонли йўл-транспорт ҳодисаси деган жумлага кўзим тушганда беихтиёр юрагим орқага тортиб кетади. Ҳайдовчи ёки йўловчининг арзимаган ҳатоликка йўл қўйиши ортидан кимдир ҳаётдан бевақт кўз юмади. Ўтган йили 11 ойлик муддатда 203 та бу йил 195 та қурбонли ЙТҲ содир бўлди. Мен бу орадаги 8 та фарқ билан мақтанмоқчи бўлаётганим йўқ. Агарда 195 та эмас, 1 та фуқаро ЙТҲ қурбони бўлса ҳам бу катта йўқотиш сифатида қабул қилиниши керак. Инсон робот эмаски уни қайтадан худди ўзидек қилиб ясаш имкони бўлса. Умр бир мартагинага бериладиган бебаҳо неъмат.

Фарғона вилояти ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2020 йил  4-чорак давомида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

«Йўл ҳаракат хавфсизлиги тарғибот куни», «Автомобилсиз кун» акциялари ва бошқа тарғибот–ташвиқот тадбирлари давомида асосий эътибор йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатларни келиб чиқиш сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган  шарт-шароитларни аниқлаш, уларни бартараф этиш чораларини кўришга қаратилган.

Вилоят ҳудудида ЙПХ инспекторларига бириктирилган мобил пост  ва махсус автопатруллар йўлларда ҳаракат хавфсизлиги таъминлаш ва  йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида хизмат олиб бормоқда.

Фарғона вилояти бўйлаб ўрнатилган фотовидеофиксация қурилмалари “тўхташ ва тўхтаб туриш” қоидаларини бузган, шунингдек, “Тўхташ чизиғи”, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 1.1 сидирға чизиғига,  3.19 “Қайрилиш тақиқланган” йўл белгисига ҳамда белгиланган тезликка  ва светафор ишораларига амал қилмаган транспорт воситалари ҳайдовчиларнинг қоидабузарликлари онлайн тартибда қайд қилмоқда.

Ушбу қурилмаларнинг йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги ўрнини ҳисобга олган ҳолда тез кунларда вилоятимиз ҳудудларида мана шундай турдаги онлайн фотовидеофиксация қурилмалари сони яна ҳам кўпайтирилади.

Шу билан бирга, йўлларда тезлик ўлчаш қурилмалари билан жиҳозланган автомобилларимиз хизмат олиб бормоқда. Ана шундай мултирадар қурилмалари билан жихозланган мобиль комплекслардан 15 та олиб келиниши режалаштирилган бўлиб, хозирда улардан 3 таси келтирилиш арафасида.

2021 йил 1 январдан Фарғона вилояти бўйлаб, учувчисиз учадиган қурилмалар ёрдамида ҳуқуқбузарликлар фиксация қилинади.

Ушбу қурилмалар ёрдамида куну-тун патруллик ташкил этилиб, белгиланган тезликка, йўл чизиқларига, светафор ишораларига амал қилмаган, пиёдалар ўтиш жойларида пиёдаларга йўл бермаган ҳайдовчиларни ҳамда тиббий ниқобдан фойдаланмаган, жамоат тартибини бузган фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлари аниқланади.

Йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиш эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларга тезлик ўлчаш мосламаларининг макетларини ҳам ўрнатганмиз. Эътибор берган бўлсангиз таълим муассасалари ҳамда пиёдалар кўп ҳаракатланидаган ўтиш жойларига сунъий нотекисликлар ўрнатиляпти. Бу эса автомобиллар тезлигини пасайтириб, пиёдаларни белгиланган жойдан хавфсиз ўтишини таъминлайди.

Энг катта мақсадимиз, тизимга янги инновацияларни жорий қилган ҳолда инсон ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган. Бунинг учун эса барча имкониятларимизни ишга соламиз.

Кузатишлардан маълум, бугун ИИБда хизмат қилаётган  хотин-қизлар сафи кенгайиб бормоқда. Уларга тизимда ишлаш оғир эмасми?

- Президентимиз ташаббуси билан 2019 йил 14 июнда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан республика, вилоят ва туман (шаҳар) ички ишлар органлари тизимида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича катта инс¬пектор штатлари жорий этилди.

Айни пайтда Фарғона вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ҳузурида ҳам хотин-қизлар масалалари бўйича алоҳида бўлим, шунингдек, шаҳар-туман ички ишлар органларида инспектор лавозими ташкил қилиниб, унга малакали ходималар жалб қилинди.

Юқоридаги қарор асосида Фарғона вилоятининг барча туман-шаҳарларида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича 25 та катта инспектор штатлари жорий этилди. Бугунги кунда мамлакатимизда гендр тенглигини таъминлаш яъни, аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, опа-сингилларимизнинг жамиятимиздаги турли соҳаларда иштирокини қўллаб- қувватлашга катта аҳамият қаратилмоқда.

Фарғона вилояти ИИБ ва унинг қуйи тизимларида жами 86 нафар хотин қизларимиз шараф билан хизмат қилишмоқда. Қувонарлиси, улардан  3 нафари раҳбарлик лавозимларида фаолият юритишади. Барча аёл ходималаримизни хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш учун шароитлар яратилган.

Муҳими, уларнинг ўзлари ИИО ходими бўлишдек шарафли касбни эгаллашни мақсад қилишган, ҳамда бу йўлда эркаклар билан бир сафда матонат билан меҳнат қилишмоқда.

Оила аъзоларингиз учун вақт топасизми? Улар Фарғонадами?

- Ҳа, албатта, оила мен учун ҳам муқаддас маскан. Инсон суянадиган ва ишонадиган қудратни ўз яқинларидан топади. Ота-онам Тошкентда улар билан имкон бўлди дегунча қўнғироқлашиб, суҳбатлашиб тураман. Фарзандларим ва турмуш ўртоғим эса Фарғонада, мен билан бирга. Вақт бўлди дегунча улар даврасидаман. Тўнғич қизим терговчи бўлиш ниятида юридик факультетга ўқишга кирди. Оиламдаги мана шундай янгиланишлар ва ижобий муҳит менга янада куч беради.

Якунланаётган йил жуда оғир келди, айниқса, пандемия даврида ички ишлар органлари ходимлари ҳам фидоийлик билан меҳнат қилди. Янги йилда қандай тилакларингиз бор?

- Бу ҳам ҳаётнинг бир синови. Пандемия шароитида ИИО ходимлари зиммасига ҳам катта масъулият юкланди. Энг асосийси, ҳалқимиз ҳодимлар билан елкадош бўлиб, карантин талабларига амал қилиб келмоқда. Биласизми ҳалқимиз мана шундай оғир кунларда ҳам ўзлигини йўқотмай бир бирларига кўмак қўлини чўзиб, яшаш каби эзгу қадриятларини кўрсата олди. Ҳадемай 2021 йил ҳам кириб келади. Янги йилда худо ҳохласа бу кўринмас офатнинг тазйиқидан қутилиб, одамларимиз яна одатий кундалик ҳаётга қайтишига ишонаман. Ҳамма гап энг аввало, ҳамжиҳатликда. Барчамиз бир бўлиб, ҳаракат қилсак албатта, эзгу мақсадга эришамиз. Юртимиз тинч оилаларимиз тинч бўлиши тилаб қоламан.

Кириб келаётган Янги йил барчамизга қутлуғ бўлсин!

Маъсуджон Сулаймонов суҳбатлашди, ЎзА