Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Донимиз мўл, нонимиз арзон, дастурхонларимиз серфайз бўлади
12:23 / 2025-12-10

Юртимизда ғалла парваришлаш учун мавжуд унумдор ер ва қулай иқлим ризқи бутун халқимиз насибаси. Деҳқонларимизнинг бетиним, оқилона меҳнати элимизнинг тинч, тўкин ҳаётга шукроналик ифодаси. Зеро, улуғ бобомиз Навоий ҳазратлари айтганларидек, деҳқонки дона сочар, элга ризқ йўлин очар.

Сурхондарё вилояти ғаллакорлари ҳам келгуси йил ҳосили учун эзгу ниятлар билан сифатли шудгорланган майдонларга дон сепди. 

Маълумотларга кўра, вилоят ғаллакорлари жорий йил куз фаслида 90 минг 672 гектар майдонга воҳа иқлимига мос, эртапишар “Алексеевич”, “Антоника”, “Гром”, “Бунёдкор”, “Ҳисорак” сингари бошоқли дон уруғини қадади. Шунингдек, қарийб 4, 5 минг гектар майдонга янги “Аҳмад”, “Безостая-100”, “Граф2, “Темир язевка”, “Турон” навларини экди. Ҳозиргача 87 минг 700 гектар майдондаги ғалла майсалари бир текис ундириб олинди. Кўкка бўй чўзаётган майсазорларнинг 90 минг 180 гектарига биринчи сув берилди. 39 минг 722 гектарига иккинчи сув таралди. 66 минг 820 гектардан ортиқ майдон азотли ўғит билан озиқлантирилди. 

Мамлакатимизда кейинги йилларда ғаллачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бошоқли дон етиштирувчи фермер ва кластерларнинг моддий манфаатдорлиги оширилгани, ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилгани ҳосилдорликни оширишга қизиқишни рағбатлантирди. Давлат дон корхоналарида дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам моддий манфаат келтирмаган эскича тизим янгиланди. Нарх-наво барқарорлигига эришиш учун соҳада тўлиқ бозор механизмлари жорий этилиб, фермер ва кластерлар ўзи йиғиб олган донни ўзи биржа савдоларига чиқармоқда. Лўнда қилиб айтганда, мамлакатда бошоқли дон бозори яратилди. Соҳадаги бу ўзгаришлар сўнгги йилларда жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари ошаётган бир пайтда мамлакатимиз ғаллачилигида донимиз мўл, нонимиз арзон бўлишини таъминлашга хизмат қила бошлади. Жумладан, жанубдаги воҳада бундан саккиз йил аввал ғалладан гектарига ўртача 51,5 центнердан ҳосил олинган бўлса, якунланаётган йилда бу кўрсатгич 91 центнерга етди. Ғаллакорлар 818 минг тонна сара дон йиғиб олди. Ёки саккиз йилда бошоқли дон етиштириш 39,5 центнерга ўсди. Хусусан, 524 та фермер 75 центнердан, 940 таси 85 центнердан, 251 та фермер 100 центнердан юқори ҳосил олди. Миришкор ғаллакорлар келгуси йил ҳосилдорликни янада ошириш учун куз фаслидан мавжуд агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли ўтказишга эътиборни кучайтирмоқда.

Вилоятнинг Шўрчи тумани ғаллакорлари 6 минг 577 гектар майдонда бошоқли дон парваришлайди. Шу пайтгача 6 минг 380 гектар майдондаги ғалла майсалари бир текис ундириб олинди. Далаларни иккинчи суғориш юмуши бошланди. 5 минг 262 гектар майдон азотли минерал ўғитлар билан озиқлантирилди. 

Тумандаги “Норқобилов Шокир чорваси” фермер хўжалиги ҳам ғаллачиликда бой тажриба тўплаган. Бошоқли дондан мўл ҳосил етиштиришнинг ҳадисини олган. 

– Дон – дастурхонларимиз файзи, – дейди фермер хўжалиги раҳбари С.Хуррамов. – Тўкин ва обод турмушимиз белгиси. Келгуси йил ҳосили учун эрта кузда 54,6 гектар сифатли шудгорланган майдонга барака уруғи сепиб, бир текис ундириб олдик. Майдонларни яшилликка буркаган майсаларни меъёрида азотли минерал ўғит билан озиқлантирдик. Икки марта қондириб суғордик. Шивалаб ёққан ёмғир ҳам майсаларнинг ривожланиш фазасини тезлаштирди. Майсаларнинг бир текис ривожланаётгани келгуси йил ҳам донимиз мўл, нонимиз янада арзон, дастурхонларимиз серфайз бўлишидан дарак бермоқда.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири