Сўнгги ҳафталарда АҚШ бошчилигидаги музокаралар давомида Россия ва Украина вакиллари Донецк вилоятида назорат қилинмайдиган қуролсизлантирилган ҳудуд яратиш ғоясини муҳокама қилишди.
Бу ҳақда “The New York Times” газетаси манбаларга таяниб хабар берди. Таъкидланишича, Россия зиддиятни тугатиш шарти сифатида Украинадан Донецк вилоятида назорат қилаётган ҳудудларни топширишни талаб қилмоқда.

Хабарларга кўра, ушбу таклиф иккала томонга ҳам мақбул бўлишини таъминлаш учун музокарачилар қуролсизлантирилган ҳудудда эркин савдо ҳудудини яратиш масаласини ҳам муҳокама қилишди.
Томонлар шунингдек, урушдан кейин ҳудудни бошқариш учун қуролсизлантирилган ҳудудда фуқаролик маъмуриятини ташкил этиш ғоясини ҳам муҳокама қилишган. Айрим манбалар ёзишича, маъмурият таркибига рус ва украин вакиллари кириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4-5 февраль кунлари Абу-Дабида бўлиб ўтган музокаралар давомида Украина вакиллари РФ қуролли кучларини фронт чизиғидан қисман олиб чиқиш вариантларини муҳокама қилишган. Газета манбаларига кўра, қўшинларнинг олиб чиқилиши симметрик бўлмаслиги мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА