Россия-Украина
Миналаштириш жараёнини тезлаштириш зарур...
АҚШ Президенти Жо Байден, Буюк Британия ҳамда Австралия Бош вазирлари Риши Сунак ва Энтони Альбанезе иштирокидаги музокара пайтида Украина атрофидаги зиддият муҳокама қилинган. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди. Байден ва Сунак Киев бундан буён ҳам қўллаб-қувватланиши, жумладан, ушбу мамлакатга ҳарбий, иқтисодий ва гуманитар ёрдам берилиши ҳақида гапиришган. Альбанезе билан суҳбатда ҳам “томонлар Киевни қўллашга содиқ қолажагини” қайд қилишган.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Франция Президенти Эммануэль Макрон Парижда Украина мавзуси, шунингдек, энергетика хавфсизлиги, Европанинг рақобатбардошлиги ва ҳарбий мудофаа масалаларини кўриб чиқишган. Бу ҳақда Венгрия ҳукумати матбуот хизмати ёзди.
АҚШ маъмурияти Хитой Раиси Си Цзиньпинни Украина Президенти Владимир Зеленский билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишга даъват қилмоқда. Бу ҳақда Америка етакчисининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан маълум қилди.
Европа Иттифоқи ҳали захирадан Украинага қанча снаряд берилиши бўйича аниқ гап айтолмайди, деб хабар берди ўз манбасига таяниб “Bloomberg” агентлиги. Аввалроқ ЕИ бош дипломати Жозеп Боррель Украинага снаряд етказиб бериш тезлаштирилиши хусусида сўз юритганди.
Украина бошқа давлатлар иштирокисиз, жумладан, Россия ва АҚШ музокараларисиз ўз келажагини аниқлай олмайди, деб баёнот берди Венгрия мудофаа вазири Кристоф Салай-Бобровницки.
Қўшма Штатлар ва Украина мудофаа вазирлари Ллойд Остин ва Алексей Резников телефон орқали мулоқот чоғида ҳарбий ҳамкорлик масаласини кўриб чиқишган.
Италия Бош вазири Жоржа Мелони фикрича, Ватикан Украина низосини ҳал этиш учун энг қулай жой.
Япония 2022 йил давомида Украинага кўрсатган умумий ёрдам ҳажми 210 миллиард иен (тахминан 1.6 миллиард доллар)ни ташкил қилган. Бу ҳақда “Kyodo” агентлиги маълум қилди. “Бу маблағ молиявий кўмак бериш, ускуналар харид қилиш ва гуманитар ёрдамни таъминлашга йўналтирилган”, дейилади ахборотда.
Россия ва Эрон ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён телефон мулоқот қилиб, Украинада вазиятни муҳокама қилишди. Бу ҳақда ЭИР ТИВ матбуот хизмати хабар қилди. Айтилишича, Абдуллоҳиён Эроннинг мазкур зиддиятни ҳал этишга қарашини яна бир марта тасдиқлаган: “сиёсий қарор ва мулоқот зарур”.
Украина БМТ ва Туркиядан Россиянинг 18 мартда муддати тугайдиган дон шартномасини яна 60 кунга узайтириш таклифига муносабат билдиришини кутмоқда, дея маълум қилди Украина инфратузилма вазири Александр Кубраков.
Зеленский парламентга мурожаат қилиб, қишлоқ хўжалиги соҳасига оид манфаатни ҳисобга олиб, миналаштириш жараёнини тезлаштириш тўғрисида гапирган. “Мамлакатнинг, тахминан, 170 минг квадрат/километр ҳудудида мина ёки портламай қолган турли снаряд бор”, деган етакчи.
Аброр ХОН,
ЎзА