Россия-Украина
Украина атрофидаги зиддиятни ҳал этиш бўйича музокаралар Хитой воситачилигида шу йилнинг охирига бориб бошланиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ собиқ Давлат котиби Генри Киссинжер “CBS” телеканалига баёнот берди.
Унинг сўзларига кўра, можаро ўзининг туб бурилишига яқинлашиб қолди.
“Энди Хитой музокараларга бош қўшса, ҳаммаси жойига тушади”, деди ой охирида 100 ёшини қаршилайдиган кекса сиёсатчи.
Якшанба куни Италия бўйлаб Украинада тинчлик ўрнатишга чақирувчи кенг кўламли “Инсоният учун эстафета” бўлиб ўтди.
“ТАСС”нинг берган хабарида тадбир Италиянинг шимолидаги Аоста шаҳридан то Лампедуза оролига чўзилган тўрт километр мософада ўтгани айтилади.
Тўрт минг киши тинчлик байроғи билан мамлакатнинг ўнлаб шаҳарларида юриш қилган.
Эстафета ўтказиш ғояси журналист Микеле Санторога оид, унинг айтишича, мазкур ташаббус “халқ кучи” намойишидир.
“Биз украиналикларга бирдамлигимизни билдирамиз, биз қурол-аслаҳа юборилишига қаршимиз”, деган Санторо.
18 майда Украина билан боғлиқ дон шартномаси муддати тугайди, аммо унинг узатилиши учун вазият етарли, деб баёнот берди Туркия президентининг расмий вакили Иброҳим Калин “Haberturk” телеканалига суҳбатда.
Чехия Президенти Петр Павелнинг баёнотига кўра, Украина ҳокимияти аксилҳужум бошлашга шошилмаслиги керак. “Унинг оқибати жиддий талофатларга олиб келиши мумкин, иккинчи марта Киевга бундай имконият берилмайди”, деди давлат раҳбари.
Британиянинг “The Guardian” нашрига суҳбатда Павел “албатта, украиналиклар ҳали ҳам операцияни муваффақиятли бошлаш учун ҳамма нарсага эга эмаслигини ҳис қилмаяпти”, деган.
Украина вакиллари 8 ва 9 май кунлари Берлинда совет мемориалига гулчамбар қўйиш маросимида қатнашмайди, деб хабар беради мамлакатнинг Берлиндаги элчихонаси хабарида.
“Элчи Алексей Макеев ва украиналик дипломатлар масъулиятни тўла ҳис қилган ҳолда бундай маросимда иштирок этишни рад этишади”.
“Fox News” телеканали шарҳловчиси Такер Карлсоннинг Украина ва унинг Президенти Владимир Зеленскийга нисбатан мустақил қарашлари учун ишдан четлаштирилди. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзган.
Карлсон Американинг таниқли шарҳловчиларидан, у АҚШ ҳокимиятини, хусусан, Украинани қўллаб тургани учун бир неча марта танқид қилиб чиққан.
Россия ва Украина навбатдаги асирларни алмашди, деб маълум қилди Киевдан мутасадди Андрей Ермак.
“Улар “Азовстал”нинг 45 ҳимоячисидир, барчаси Миллий гвардиянинг Азов соҳилларини қўриқлаш бўлинмаси вакилларидир”.
Россия Мудофаа вазирлиги уч нафар самолёт учувчиларининг ватанга қайтгани ҳақида хабар берди.
Аброр ХОН, ЎзА