Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дон етказиб беришга кенг йўл очилди
20:08 / 2022-11-02

Россия-Украина

Туркия ва Россия Президентлари Режеп Таййип Эрдоған ва Владимир Путин телефон мулоқотида Украина донини Қора денгиз орқали ташиш масаласини муҳокама қилган эди.

Давлат раҳбарлари топшириғи билан ташқи ишлар вазирлари Мавлуд Чавушўғли ва Сергей Лавров телефон суҳбати чоғида дон масаласи юзасидан музокарани давом эттиришди. «ТАСС» маълумотига кўра, Россия томони дон шартномаси бўйича ишлаган уч ой давомида озиқ-овқатга муҳтож давлатларга маҳсулот етказиб берилмаган.

Бу суҳбатлардан кейин РФ Мудофаа вазирлиги Украинадан Москвага қарши ҳарбий амалиёт учун дон йўлагидан фойдаланмаслик тўғрисида ёзма кафолат олгач, Москва ғалла бўйича келишувда иштирок этиш учун қайтишини маълум қилди.

Туркия раҳбари матбуот котиби Иброҳим Калин «Анқара Украина атрофидаги можаронинг адолатли ва барқарор ечими йўлидаги саъй-ҳаракатни давом эттиради», деб ёзди ижтимоий тармоқда.

Шунингдек, у Россия ва Украинадан ғалла етказиб бериш қайта тиклангани «Туркия томонидан олиб борилаётган конструктив ва кенг қамровли дипломатиянинг навбатдаги ютуғи», деган фикрни билдирган.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд Россиянинг ғалла шартномасини бажаришга қайтганидан мамнунлигини изҳор қилди. У «CNN» телеканалига берган интервьюсида бу қадам «дунёни зарур озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлаш имконини беради», дея қўшимча қилди.

Бугундан бошлаб Киевда электр энергияси тақчиллиги сабаб троллейбус ҳаракати тўхтади. Шаҳар мэри Виталий Кличко «троллейбус йўналишлари бўйлаб автобуслар халққа хизмат қилади», деб баёнот берди. 

Вашингтон Украина туфайли Россия билан зиддиятга боришни ҳануз истамайди, деди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши стратегик коммуникация бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби.

«Қўшма Штатлар маъмурияти Украина инқирозини дипломатик йўл билан ҳал этишга интилмоқда», деди у.

АҚШнинг Киевдаги элчихонаси ҳарбий атташеси гуруҳи вакиллари Украина ҳудудига келтирилган Америка қурол-аслаҳаларини текшириш жараёнида қатнашади. «Улар фронт чизиғини кесиб ўтмайди, шунинг учун ҳарбийлар жанговар ҳаракатда қатнашяпти, деган шубҳага бормаслик керак», дея баёнот берди Пентагон Ҳарбий ҳаво кучлари матбуот котиби Патрик Райдер.

Италия ҳукумати Украинага қурол етказиб бериш бўйича навбатдаги қарор лойиҳасини тўхтатиб қўйди. «Il Messaggero» нашри ҳукуматдаги манбага таяниб ёзишича, «юборилажак ҳарбий аслаҳалар рўйхати аввал НАТО билан келишилиши шарт қилиб қўйилгани учун бу масалани кўриб чиқиш вақтинча тўхтатилган», дейилади хабарда.

Аброр ХОН, ЎзА