Куни кеча Британия Бош вазири Риши Сунак қишлоқ хўжалиги яхши тараққий этган бой мамлакатларни дунёда тобора кескинлашиб бораётган очарчилик муаммосига қарши курашиш учун ғалла захиралари эшикларини очишга чақирди.
“Мен БМТ Бош котибининг Қора денгизда дон ташишни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайман ва кўпроқ озиқ-овқат ишлаб чиқарадиган ёки захиралари кўп бўлган барча мамлакатларни дон етказиб бериш ҳажмини оширишга ёрдам беришга чақираман” деди у Дейли Телеграф газетасининг веб-сайтида Индонезияда 15 ноябрда бошланадиган G20 саммити олдидан чоп этилган мақоласида.
Украинадаги вазиятни шарҳлар экан, Сунак Буюк Британия ва унинг иттифоқчилари “иқтисодий келажагининг гаровга айланишига йўл қўймаслиги”, жумладан, “Россия каби давлатлар”дан углеводородларга қарамликдан воз кечишини таъкидлаган. Шу билан бирга, у Россия Президенти Владимир Путин G20 саммитига бормаслиги, “ҳамкасблари билан учрашмаслиги” ва Украинадаги “ҳаракатини тушунтиришга ҳам уринмаслиги”дан афсус билдирган.
G20 саммитида буғдой масаласи ҳам кўрилади

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған G20 саммитида иштирок этиш учун Индонезияга жўнаш олдидан журналистлар билан учрашиб, қашшоқ мамлакатларга дон етказиб бериш масалаларини кўтармоқчи эканини таъкидлаган. Президент Режеп Таййип Эрдоғон мазкур саммит доирасида денгиз гуманитар коридори орқали, асосан, Африканинг қашшоқ мамлакатларига дон экспорти масаласини муҳокама қилишни режалаштираётганини айтган. Туркия етакчисининг айтишича, "Биз Қора денгиз орқали ғалла етказиб бериш ташаббусини муваффақиятли амалга оширдик. Шу кунгача 10 миллион тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди. Биз ғаллага муҳтож бўлган, асосан Африканинг қашшоқ мамлакатларига етказиб бериш бўйича ҳаракатларимизни давом эттирмоқдамиз. Бу масала G20 саммитидаги ҳамкасблар билан учрашувларда муҳокама қилинади”, деган у.
Яқин ўтмишдаги гаплар

Украинадаги воқеалар, шунингдек, Ғарб томонидан Россияга қарши жорий этилган кенг кўламли санкциялар дон етказиб беришнинг бузилишига олиб келганди. Бу эса дунёнинг бир қатор мамлакатларида озиқ-овқат инқирозининг кескинлигини оширди. Украина портларида, турли манбаларга кўра, 22 миллион тоннагача дон тўсиб қўйилган эди. Уни қуруқлик орқали олиб чиқиш имконсиз, чунки Украинадаги темир йўл қувватлари ҳарбий транспорт билан ҳаддан ташқари юкланган. Шу билан бирга, Россиянинг озиқ-овқат ва ўғит экспорти ҳам тўхтатилган.
22 июль куни Истанбулда Украинадан озиқ-овқат экспорти бўйича шартнома тузилган эди. Мазкур ҳужжат Россия, БМТ, Украина, Туркия томонларидан имзоланган бўлиб, 19 ноябрда муддати тугайди. Лекин ҳужжат бандларида агар томонларнинг ҳеч бири қаршилик қилмаса, улар автоматик равишда яна 120 кунга узайтирилиши ҳам кўрсатилган. Ўтган жума куни Женевада БМТ Бош котиби ўринбосари Мартин Гриффитс ва БМТ Савдо ва тараққиёт конференцияси бош директори Ребека Греенспан бошчилигидаги делегация ҳамда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Вершинин бошчилигидаги делегациянинг учрашуви бўлиб ўтди. Унда Россиядан, жумладан, Африка мамлакатлари учун озиқ-овқат ва ўғит экспорти муҳокама қилинди.
2022 йил май ойида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Украина портларидан дон кемаларининг ўтиши эвазига Россия ўғитларини етказиб берувчиларга чекловларни юмшатишни таклиф қилди. Ушбу ташаббус доирасида хавфсиз транспорт коридорларини яратиш учун Қора денгиз сувларини миналардан тозалаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. БМТ таклифлари Хитой ва Туркия томонидан қўллаб-қувватланди. Туркия ҳукумати Украина ғалласини Қора денгиз орқали етказиб бериш учун хавфсизлик кафолатларини таъминлаши мумкинлигини айтди. 30 май куни Россия Президенти Владимир Путин Туркия етакчиси Режеп Таййип Эрдоғон билан телефон орқали мулоқотда Россия томони Москвадан санкциялар бекор қилинган тақдирда ўғит ва озиқ-овқат экспорт қилишга тайёрлигини айтди.
Икки мамлакатнинг жаҳон озиқ-овқат бозоридаги ўрни катта
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, Россия ва Украинага жаҳон буғдой экспортининг қарийб 30 фоизи, маккажўхорининг 20 фоизи ва кунгабоқар ёғининг 55 фоизи тўғри келади. Бу давлатлар томонидан жаҳон бозорига етказиб берилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сайёрамизнинг энг камбағал аҳолиси учун асосий озиқ-овқат манбаи бўлган. Бундан ташқари, Россия ўғитларнинг асосий экспортчиси ҳисобланади: 2020 йилда мамлакат азотли ўғитлар етказиб бериш бўйича дунёда биринчи, калийли ўғитлар экспорти бўйича иккинчи ва фосфорли ўғитлар экспорти бўйича учинчи ўринда бўлган.

Украина дони ортилган биринчи кема – "Разони" қуруқ юк кемаси Серра-Леоне байроғи остида 2022 йил 1 августда Одесса портидан жўнаб кетди. Уруш шароитида Украинанинг Қора денгиз йўлаги орқали дон экспорти яна бошланди. Шу санадан буён то 22 октябргача Украинадан 8,3 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиб чиқилди. Ҳаммаси бўлиб 400 га яқин кема Украина портларини тарк этишга рухсат олди. Шу билан бирга, Туркия расмийлари таъкидлаганидек, етказиб беришнинг қарийб 62 фоизи Европа, 19,5 фоизи Осиё, 13 фоизи Африка ва 5,3 фоизи Яқин Шарқ мамлакатларига тўғри келган. Келишув давомида 70 га яқин кемалар тизимли қоидабузарликлар туфайли кечиктирилди ёки тўхтатилди. Россия ҳукумати келишувнинг баъзи бандлари, жумладан, дон асосан энг қашшоқ мамлакатларга кетиши кераклиги ҳақидаги келишув бажарилмаётганини бир неча бор таъкидлаган. У, шунингдек, Россия ғалласи ва ўғитларини хорижга етказиб бериш бўйича чекловлар жаҳон озиқ-овқат бозоридаги вазиятнинг янада ёмонлашишига таҳдид солаётганини таъкидлаганди.
7 октябрь куни ФАО бош иқтисодчиси Максим Тореро брифингда муҳтож давлатлар Украинадан экспорт қилинадиган умумий доннинг атиги 25 фоизини олганини, мутлақ ҳисобда бу экспорт қилинадиган доннинг 25-26 фоизини ташкил этишини маълум қилди. Шу боис у дон битими механизмлари кўпроқ муҳтож давлатлар фойдасига ишлаши кераклигини таъкидлади.
Индонезияда эрта-индин бўлиб ўтадиган “Катта йигирматалик” мамлакатлари саммитида асосан глобал масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда. Дунё иқтисодиётидаги муаамолар, иқлим ўзгариши, сайёрамизда хавфсизлик масалалари ва, албатта, Украина атрофидаги юзага келган вазият юқорида айтиб ўтилган глобал масалалар ҳисобланади. Бинобарин, Украина масаласи муҳокама марказларидан бирига айланар экан, дунё етакчилари албатта озиқ-овқат инқирози масалаларини ҳам, жумладан, “Қора денгиз” йўлагидан ташилаётган дон экспортини ҳам кўриб чиқиши турган гап. Саммит эса эртага бошланади.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА