Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Дом”ларга туташ ҳудудлар қай ҳолатда сақланмоқда? — Вазирлик жавоб берди
13:25 / 2025-10-14

2025 йилда олиб борилган назорат тадбирлари давомида кўп квартирали уйларга туташ ерларда 1 минг 952 та ноқонуний қурилиш ҳолати аниқланган. Улардан 738 таси жойида бартараф этилган бўлса, қолган 1 минг 214 та ҳолат юзасидан судларга даво аризалари киритилган.

Таъкидлаш жоизки, кўп квартирали уйларга туташ ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва турли қурилмалар барпо этиш ҳолатлари тез-тез дуч келинади.  

Қонунчилик палатасининг шу йил 23 сентябрда бўлиб ўтган мажлисида кўп квартирали уйларга туташ ҳудудлардаги яшил майдонлар, болалар ўйингоҳлари ва спорт майдончаларини жой мулкдорлари, бошқарув сервис компаниялари томонидан сақлаш ва доимий ободонлаштириб бориш, уларнинг туташ ҳудудларини ноқонуний эгаллаб олинишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирига парламент сўрови юборилган эди.

Бугунги мажлисда депутатлар вазирнинг парламент сўровига жавобини кўриб чиқдилар.

Жавобда маълум қилинишича, айни вақтда республика бўйича 1,5 млн.дан ортиқ хонадондан иборат 44 минг 280 та кўп квартирали уйлар мавжуд. Шундан 39 минг 859 та уйларга 971 та бошқарувчи ташкилотлар, 851 та уйларга 241 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Президентимизнинг 2023 йил 15 августдаги қарори ижросини таъминлаш доирасида 40 минг 735 та кўп квартирали уйнинг туташ ер участкалари чегаралари аниқланиб, уларни жойлар мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Парламент сўровига келган жавобда қайд этилганидек, ҳозирда кўп қаватли уйларнинг туташ ҳудудларида 9 минг 937 та болалар майдончаси, 2 минг 385 та умумий фойдаланишдаги ҳожатхона, 285 минг пагонаметрга яқин ирригация тармоғи ҳамда 7,8 млн. м² бетон йўлаклар мавжуд.

2017-2024 йиллар давомида 2 минг 777 та болалар майдончаси, 386 та умумий фойдаланишдаги ҳожатхона қурилиб, 92 минг пагонаметр ирригация тармоқлари ва 1,5 млн м² йўлаклар таъмирланган. 2026-2030 йилларга мўлжалланган режаларга кўра, яна 1 минг 656 та болалар майдончаси, 474 та умумий фойдаланишдаги ҳожатхоналар, 176 минг пагонаметр ирригация тармоқлари ва 1,7 млн. м² бетон йўлаклар қурилиши кўзда тутилган.

Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳудудларни ободонлаштириш, гул ва дарахт кўчатлари экиш ишларини амалга оширмоқда. Жорий баҳор мавсумида 248 минг 881 туп мевали ва манзарали дарахт ҳамда буталар экилган.

Маълум қилинганидек, жорий йилнинг 9 ойи давомида вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан 1 минг 807 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти кўп квартирали уй-жойларни бошқариш органларидан бўлиб, таклиф ва муаммолар мунтазам таҳлил қилинмоқда ва амалий чоралар кўрилмоқда.

Муҳокамаларда депутатлар ушбу йўналишда вазирлик томонидан муайян ишлар амалга оширилгани, шу билан бирга, соҳадаги қонун бузилишларининг олдини олиш, кўп квартирали уйларнинг туташ ер участкаларини кўп квартирали уй-жой мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинишини жадаллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар берди.  

Мазкур масала юзасидан доимий парламент назорати олиб борилиши қайд этилиб, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА