Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда хорижда юрган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, миграциядан қайтган шахсларни иш билан таъминлашнинг ҳолати ва бу борада белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.
Ҳозир вилоятдан ташқарида миграцияда юрган фуқароларнинг сони 111 минг 973 нафардир. Йиғилишда субсидия асосида аҳолини уй-жой билан таъминлаш юзасидан берилган топшириқлар ижроси юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботи ҳам тингланди.

Қурилаётган уй-жой нархларининг қимматлиги, арзон нархдаги квартираларнинг камлиги фуқароларни уй билан таъминлаш имкониятини чеклаётгани танқид қилинди. Қайд этилганидек, 2023 йили вилоятда жами 6 минг 811 та хонадондан иборат 122 та уй фойдаланишга топширилди.

Бунда 825 нафар фуқарога 206 миллиард сўмлик ипотека кредитлари ҳамда бюджет маблағлари ҳисобидан 26,4 миллиард сўмлик субсидиялар ажратилди. Бу борада жорий йилда мавжуд муаммоларни бартараф қилиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда коммунал тизимларда юзага келган дебитор қарздорликларни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар борасида сўз юритилди ва масъулларга кўрсатмалар берилди. Бундан ташқари, 2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурининг 1-чоракда бажарилиши юзасидан маълумот тақдим қилинди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири