Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ДОЛЗАРБ САВОЛЛАРГА АНИҚ ЖАВОБЛАР: “жавоб беринглар, уйга борайлик“ десак, “аризангни ёзда, кетавер“ деяпти
20:40 / 2020-03-30

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Маҳмудов долзарб саволларга аниқ жавоблар берди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Маҳмудов долзарб саволларга аниқ жавоблар берди.

Савол. Карантин пайтида одамларни йиғмаслик, тўпланмаслик талаб этилди. Лекин сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда мардикорларнинг иш излаб кўчаларда йиғилиб турган расми, видеолари тарқалди. Уларни ким назоратга олади? Бундай ҳолатлар карантин қоидаларига зид эмасми? Мардикорлар ишлаши қандай кечади? Уларга ҳам қандайдир ёрдам бериладими?

- Кунлик ишчиларнинг фаолиятини тартибга солувчи марказлар карантин ва чеклов тадбирлари давомида ёпилган. Кунлик ишлар билан шуғулланувчилар ўзлари доимий яшайдиган ҳудуддаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш тавсия этилади.

Хабарингиз бор, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобига қўшимча маблағ берилган 200 млрд. сўм миқдорда маблағ ажратилган.

Ишсиз фуқаролар, чегаралар ёпилганлиги муносабати билан меҳнат миграциясига чиқиб кета олмаган шахслар ва карантин сабабли вақтинча ишсиз қолган ходимлар шунингдек, кунлик ишларда ишлаётган шахслар учун жамоат ишларига жалб қилиш имкониятлари кенгайтирилди.

Карантин чоралари амал қилиш даврида жамоат ишларига жалб қилинаётган фуқароларнинг иш ҳақи, иш берувчининг идоравий бўйсунуви, ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, тўлиқ (100 фоиз) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

Савол. 4 нафар фарзандим бор ИШСИЗМАН, қаердан қўшимча ёрдам олишим мумкин?

- Биринчидан, бундай ҳолларда фуқаро ўзлари доимий яшайдиган ҳудуддаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш тавсия этамиз.

Демак, сизга ўз ҳудудингиздан вақтинчалик ёки доимий иш таклиф қилинади. Ёки ИШСИЗЛИК ДАВРИ учун нафақа тайинлади.

Шунингдек, ФАРЗАНДЛАРИНГИЗ учун ўзингиз яшаб турган Маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилиб 14 ёшгача бўлган болалари бор оилаларга ва 2 ёшгача бола парвариши бўйича нафақалар ёхуд кам таъминланган оилалар моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилиш тавсия этилади.

Савол. Ўзбекистонда ҳамма ишхоналар карантинга ёпилмоқда. UZBEKISTAN GTLда эса иш ҳали ҳам давом этмоқда. Бу ерда 10 мингдан зиёд одамни ишлатмоқда. Ошхонада жуда катта тиқилинч, автобусни айтмасам ҳам бўлади. Ишчилар “жавоб беринглар, карантинга уйга борайлик“ деса, “аризангни ёзда, кетавер“ деяпти бошлиқлар. ТВда “жамоат жойга борманг, бир жойга тўпланманглар“ дейди, лекин бу ерда тўпланмасликнинг иложи йўқ.

- Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 143-моддасига кўра ташкилотдаги таътиллар жадвалига асосан ходимларга меҳнат таътили берилади. Бундан ташқари, таътиллар бериш жадвалида март-апрель ойларида таътил бериш кўрсатилмаган бўлсада, Меҳнат кодексининг 145-моддасига асосан муддатини кўчириб, йиллик меҳнат таътиллари бериш мумкин.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 150-моддасига асосан ходим билан иш берувчи ўртасидаги ўзаро келишувга асосан иш ҳақи сақланмаган таътиллар бериш мумкин лекин иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил беришни ҳал этиш иш берувчини ваколатига киради.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда карантин тарқалиб кетишини олдини олиш бўйича кўрилаётган чора тадбирлардан келиб чиқиб иш берувчи томонидан санитария-эпидемология қоидаларига риоя этмаганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси томонидан тегишли чоралар кўрилади.

Ҳурматли юртдошлар! Карантин ва чеклов тадбирлари даврида бандлик ва меҳнат муносабатларига оид ҳар бир муаммоли, баҳсли ҳолат юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 200-06-00 рақамли ишонч телефонига ёхуд @mehnathuqubot телеграм каналига ёки бўлмаса, dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилишингиз мумкин.