Наманганда Президентимизнинг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши билан “Коррупцияга қарши курашиш” ойлиги ўтказилмоқда.
Мазкур ойда жамиятда порахўрликнинг олдини олиш, унга олиб борувчи омилларга қарши курашиш, давлат ташкилотлари ҳамда таълим муассасаларида коррупцияга нисбатан тоқатсиз ва муросасиз муносабатни шакллантириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймасликка қаратилган профилактик тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.


Жумладан, Наманган давлат университетида мазкур ойлик доирасида ҳамда “9 декабр – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни”га бағишланган “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Тадбирда талабаларнинг ота-оналари, шунингдек, олий ўқув юрти раҳбарияти ва коррупцияга қарши курашиш комплекс назорат тизимини бошқариш бўлими мутасаддилари ҳамда ҳудуд профилактика инспекторлари иштирок этди.
НамДУ ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Наримон Деҳқонов ота-оналарни талабаларнинг университетдаги ҳаёти, таълим жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан таништирди. Вилоят Ички ишлар бошқармасининг киберхавфсизлик бўлими мутахассиси Алишер Турсунбоевнинг ҳозирги кунда юз бераётган кибержиноятчилик, унинг келиб чиқиш сабаблари ҳақидаги маъруза ва слайдлари барчага манзур бўлди.
Сўзга чиққан ота-оналар томонидан таълим жараёнлари ва талабалар учун яратилган шарт-шароитлар хусусида илиқ фикрлар билдирилди. Талаба-ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, ҳуқуқбузарликнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш, айниқса, ёш авлодни коррупцияга қарши муросасизликка ўргатиш хусусида мулоҳаза ва таклифлар баён этилди.


Тадбирда намунали хулқи, аъло ўқиши ва жамоатчилик ишидаги фаоллиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ талабаларнинг ота-оналарига ташаккур изҳор қилинди. Ота-оналар талабалар тураржойи ва ахборот-ресурс маркази фаолияти билан танишар экан, яратилган қулай шароит ва имкониятлар фарзандларининг танлаган мутахассислиги бўйича чуқур билим олиб, жамият учун керакли кадр бўлиб етишиб чиқиши учун пойдевор вазифасини ўташини алоҳида эътироф этишди.
Бу каби амалий тадбирлар барча, айниқса, ёшларда коррупция аталмиш иллатга қарши курашишда дахлдорлик ва масъулият ҳиссини янада кучайтириши, шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири.