Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Долзарб мавзуда давра суҳбати уюштирилди
17:05 / 2025-08-22

Андижонда “Мустақиллик йилларида очиқ фуқаролик жамияти ва ОАВ фаолиятини янада ривожлантиришда ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик тўйи олдидан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида Андижон вилоят ҳокимлиги, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбатида вилоят адлия бошқармаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари раҳбарлари, фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида мустақиллик йилларида нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мазкур соҳани янада ривожлантириш, амалга оширилаётган лойиҳалар, бу борадаги илғор тажрибалар, эришилаётган ютуқлар  хусусида атрофлича сўз юритилди.  

–Кейинги йилларда мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Отахонов. – Таъкидлаш жоизки, уларнинг фаолияти давлат бошқарув идоралари, хусусан, кенг жамоатчилик томонидан ижобий эътирофини топмоқда. Ана шу жараёнларни ёритиш, тарғиб этишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ҳам ижобий самаралар бермоқда.  

Янги Ўзбекистон шароитида уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Давра суҳбатини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам ана шу масалани атрофлича муҳокама қилиш, аниқ таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Давра суҳбатида сўз олган вилоят ҳокимлиги котибият мудири Дониёрбек Ҳамроқулов, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Шерзодбек Валиев, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Адҳамжон Узоқжонов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Махпурахон Артиқова ва бошқалар томонидан мустақиллик, айниқса, кейинги йилларида Ўзбекистонда очиқ фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, амалга оширилган ислоҳотлар, ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш, улар фаолиятига ортиқча аралашувларга чек қўйиш, давлат томонидан субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар ажратиш орқали молиявий қўллаб-қувватлаш тизимининг шаффофлиги таъминланаётганлиги қайд этилди.  

[gallery-24911]

Давра суҳбати иштирокчилари фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари – таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ислоҳотлар очиқлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасидаги тушунтириш, тарғибот ишларини кучайтириш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди.  

Давра суҳбатида муҳокама этилган масалалар юзасидан ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган аниқ таклиф ва амалий тавсиялар илгари сурилиб, келгусида амалга оширилиши зарур вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир якунида самарали фаолият юритаётган бир гуруҳ нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари вилоят ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.  

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари