French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Долзарб мавзу: талаба қизлар бўш вақтида нима билан машғул?
18:02 / 2022-02-28

Бугун талаба ёшлар, айниқса, қизлар ўқишдан кейинги вақтини қандай ўтказмоқда? Талабалар ётоқхонасида бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун зарур шароитлар яратилганми? Улар турли салбий иллатлар таъсирига тушиб қолмаяптими? Оила қуриш, бекалик, оила масъулияти ҳақида етарли билим ва тушунчага қай даражада эга, ўқишдан ташқари бирор касб-ҳунарнинг бошини тутяптими?

Ана шу йўналишда Андижон машинасозлик институти талабалар ётоқхонасида олиб борилаётган ишлар билан танишиб, институт ректорати ҳамда Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши ҳамкорлигида эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлигининг гувоҳи бўлдик.  

– Талабалар, умуман, ёшларнинг аксарияти бўш қолди дегунча, дарров қўл телефони билан машғул бўлади, – дейди институт ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Раънохон Юсупова. – Қандайдир ўйин ўйнайди, қўшиқ эшитади, фильм томоша қилади. Минг афсуски, бундай кўриниш кўлами йилдан йилга ортиб бормоқда. Ёшларимизнинг мобил телефон, интернетга бу қадар боғланиб қолишларини эса асло оқлаб бўлмайди. Бу энг аввало, уларнинг саломатлигига, маънавиятига салбий таъсир кўрсатади, пухта билим олишдан чалғитади. Шу боис ҳам ёшлар, хусусан, талаба қизларимизнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Айни кунда институт ётоқхонасида юз нафардан зиёд талаба қиз истиқомат қилади. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, турли касб ва ҳунарларга оид билим ва кўникмаларини бойитиш ҳамда оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йили қизлар ётоқхонасида тикувчилик цехи ташкил этилди. Қизларнинг дарслардан бўш вақтида бу ерга келиб, мутахассислар кўмагида тикувчилик ҳунарини ўрганишлари йўлга қўйилди. Цехда талаба қизлар томонидан тикилган 700 комплект кўрпа, болиш ва чойшаб ётоқхонадаги талабаларга тарқатиб берилди. Бундан ташқари, жорий ўқув йили бошида ётоқхонада «Гўзаллик салони» ташкил этилди. Махсус малакаси бўлган тўрт нафар талаба дарсдан бўш вақтларида салонда меҳнат қилади, уларга институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан иш ҳақи тўланади. Қолаверса, улар иш жараёнида қизиқадиган дугоналарига ушбу ҳунар сирларини ўргатиб боради.  

Институтда «Қизларжон» клуби ҳам самарали фаолият олиб бормоқда. Клуб фаоллари томонидан 1-қизлар ётоқхонасида «Тўқувчилик», «Пазандалик» курслари ташкил этилган. Курс машғулотларига деярли барча талаба қизлар жалб этилган. Қизлар бўш вақтида мутахассислар кўмагида миллий, европа таомлари, турли ширинлик ва салатлар тайёрлаш, тўқувчилик сирларини ўрганмоқда. Маънавият хонасида қизларнинг китоб, газета ўқишлари, ётоқхона ҳовлисидаги спорт майдонида эса спортнинг волейбол, футбол турлари билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган. Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши ҳамда тьютор аёллар ташаббуси билан Андижон шаҳар ФХДЁ бўлими мутахассислари, шифокорлар, отинойилар, маҳала раисларининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамкорлигида қизларнинг фаоллигини ошириш, уларни оилага тайёрлаш, тадбиркорликка йўналтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, турли ёт ғоялар, «оммавий маданият» кўринишлари таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишга қаратилган турли тадбирлар, давра суҳбатлари доимий равишда ўтказиб келинмоқда.  

Амалга оширилаётган ишлар талаба қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, турли касблар бўйича билим ва кўникмаларини бойитиш ҳамда уларни оилавий ҳаётга тайёрлашга яқиндан ёрдам бераётир.  


Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,  
З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА