Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Долзарб мавзу: ўнқир-чўнқир йўллар қачон таъмирланади? (+видео)
16:05 / 2024-02-14

Автомобиль йўллари қўмитаси мутасаддилари бундан уч йил олдин (2021 йил) “яқин 3 йил ичида Ўзбекистондаги барча тупроқ йўллар асфальтланиши, 4 йилдан сўнг эса таъмирталаб йўллар қолмаслигини...” маълум қилган эди. Орадан шунча муддат ўтди. Хўш, барча йўллар асфальтландими? Ўзбекистонда таъмирталаб йўллар қолмадими?...

ЎзА журналистлари йўллар тизимидаги бор ҳолатни тасвирга олиш учун йўлга чиқди.

– Ўнқир-чўнқир йўллар автомобилларнинг эҳтиёт қисмлари тезда ишдан чиқишига сабаб бўлади, – дейди ҳайдовчи Одил Мамадов. – Пойтахтимизнинг Нурафшон кўчаси, Қўйлиқ бозори атрофидаги кўчалар шу даражада уйдим-чуқурки, автомобилнинг таг қисми ерга бир тегиб ўтади. Баъзан таваккалчиликка йўл қўйиб бўлса-да, кўчалардаги чуқурларни айланиб ўтиб, автоуловимизни бироз асрашга муваффақ бўламиз. Бироқ кўчадаги чуқурлар шу қадар катта ва кўпки, ёмғирли кунларда уни айланиб ўтишнинг имкони йўқ. Фақат “сузиб” ўтиш мумкин. Ҳар ойда машинани ремонт қилдиришга тўғри келяпти. “Яма”лар етказган зарарни ким қоплайди? 

– Йўлларда юриб бўлмай қолди, ҳамма жой илма-тешик бўлиб кетган, – дейди яна бир ҳайдовчи. – Ҳатто айрим вазиятларда йўлнинг носозлиги йўл-транспорт ҳодисаларига ҳам сабаб бўлмоқда. Мана шундай вазиятларда зарар кўрган ҳайдовчилар кўрилган зарарни ундириб олиши мумкин. Бунга қонуний асос ҳам бор, аммо бу жуда қийин ва югур-югури кўп.

– Аслида йўллар носозлиги сабабли кўплаб йўл-транспорт ҳодисаси юзага келяпти, – дейди ҳайдовчи Рустам Одилов. – Ростини айтсам, кўпчилик ҳайдовчилик орқасидан оила боқади. Деярли, 90 фоиз ҳайдовчиларнинг судда ҳақини талаб қилишга сабри ва билими етмайди, қарз бўлса ҳам эзилиб жарима тўлайди, бироқ у давлатдан норози бўлади. 

– Мамлакатда коррупция бор-йўқлигини, бу иллатнинг даражаси қандайлигини шу ўнқир-чўнқир йўлларига қараб аниқласа бўлади, – дейди яна бир ҳайдовчи. – Ўзбекистондаги ямоқли ва “яма” ли кўчаларга қараб, сиз ҳам биздаги коррупция даражасини тахмин қилсангиз бўлади. Бу, ҳар ҳолда жиноят эмас. Пойтахт кўчаларига ҳар йили миллиардлаб маблағ ажратилади. Бу маблағлар асфальтларни безаб турган чуқурларга кетадими ёки аллақандай чўнтакларгами? Ҳеч бўлмаса, пойтахт йўлларини сифатли таъмирлаб қўйса бўларди.

Ҳайдовчиларнинг гапида жон бор. Ўзбекистоннинг олис ҳудудларини-ку қўя турайлик,   ҳатто пойтахтимизнинг айрим кўчаларида ҳам аҳвол қувонарли эмас. Масалан, Тошкент шаҳрининг Нурафшон йўллари, Олмазор туманидаги йўллар, Малика бозор атрофидаги йўллар, Чилонзор метродан Шимолий вокзалгача бўлган йирик "яма"лар киши кайфиятини тушириб юборади. Гап шундаки, ҳар йили пойтахт йўлларида таъмирлаш ишлари олиб борилади. Аммо ҳамма гап бу ишларнинг қанчалик сифатли амалга оширилганида...

Йилдан йилга халқимизнинг иқтисодий имконияти кенгайиб, транспорт воситаларининг сони ортиб бораётгани ҳақиқат. Тирбандликлар юзага келмаслиги учун кўприклар, йўллар қурилаётган бир пайтда яна бир ҳолатни кузатиб, "ёқа ушладик". Чорсу бозори атрофидаги, Нурафшон кўчасига борувчи йўналишда бир вақтлар уч қаторли ҳаракатланиш бўлагига эга бўлган, бошқача айтганда, уч қаторда ҳаракатланиш кенглигига эга бўлган йўл чала асфальтлангач, бир қаторли ҳаракатланиш бўлагига айланиб қолган. Сунъий равишда торайтирилган бу сингари йўлларда “шоввоз” ҳайдовчиларимиз хавфли вазиятларни юзага келтирмоқда.

Тасаввур қилинг, давлатимиз раҳбарининг бир қатор фармонлари асосида жойларда ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналардаги имтиёзлардан фойдаланиш истагини билдирган чет эллик инвесторлар бу йўллардан юрганда кўнглидан қандай фикр-мулоҳазалар ўтади!? Бундан ташқари юртимизга ҳар йили минглаб хорижлик сайёҳлар келади. Юртимизга келаётган сайёҳлар бу ўнқир-чўнқир йўлларни кўриб, дили хира тортмасмикан? 

Йўлларни тасвирга олаётиб, хорижий инвесторни учратиб қолдик. У Ўзбекистонда беш йилдан буён фаолият юритаётгани, йўлларнинг носозлиги ҳақида куюниб гапирди. Сўнг “Ўзбекистонда фаолиятимни йўлга қўйганман. Менинг йўл ҳақидаги фикримни эшитган ҳокимлар ишимга тўсқинлик қилмайдими?" деб ташвишланиб ҳам қўйди.

Иш юзасидан хизмат сафарларида бўламиз. Вилоятларга кетиш йўли анча йиллардан буён таъмирланмагани, қор-ёмғир натижасида асфальт қопламаси емирилиб, чуқурчалар пайдо бўлгани, иссиқ ҳавода эса асфальт қопламаси эриб, нотекис ҳолатга келиб қолганига гувоҳ бўламиз. Бундай йўлда ҳаракатланиш учун транспорт воситалари кўп вақт сарфлайди. 

Мисол учун, яқинда Тошкент шаҳридан Жиззах вилоятининг Даштобод шаҳарчасига қадар босиб ўтган йўлимизда учраган айрим ҳолатларни гапиришга тил ожиз. Йўлда Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларининг айрим туманларини кесиб ўтишга тўғри келади. Хусусан, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри, Янгиер, Ховос туманлари, Жиззах вилоятининг Даштобод шаҳри орқали борар экансиз, бу ҳудудлардаги айрим йўлларнинг ҳолатидан кўнгил ранжийди. Гап шундаки, йўлларда, аниқроқ айтганда, Янгиер –Ховос – Даштобод йўналишидаги йўлларда яқин йилларда таъмирлаш ишлари олиб борилган. Аммо ҳамма гап бу ишлар қанчалик сифатли амалга оширилганида. Таъмирланган, бироқ “таъмирталаб” йўллар.

Шу ўринда мутасадди ташкилотлар масъулларидан шуни сўраган бўлар эдик. Қачон қилаётган ишингиз қуруқ ҳисобот учун эмас, халқимиз, юртимиз меҳмонлари, фарзандларимиз узоқ йиллар баҳраманд бўлиши учун сифатли ва ўз вақтида бажарилади? Қачонгача “таъмирланди”, “албатта, бажарамиз”, “таъмирлаймиз” мазмунидаги ҳисоботлар билан ҳам ўзингизни, ҳам халқимизни алдайсиз?

Бу борада масъул ташкилотлардан изоҳ кутиб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддасига кўра, автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириб олиш ҳуқуқига эга. Ушбу Қонуннинг 25-моддасига кўра автомобиль йўллари қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларга автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган тартибда қоплаши шарт. 

Содда қилиб айтганда, автомобилингиз йўлдаги “яма” таъсирида шикастланган бўлса ўша йўлни балансида сақловчи ташкилотни топиб зарар ўрнини қоплаб беришларини талаб қилишингиз мумкин.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/z06H_5DRFog" title="Dolzarb mavzu: oʻnqir-choʻnqir yoʻllar qachon taʼmirlanadi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА