Куни кеча Тошкентда давлат иштирокидаги йирик корхоналар кузатув кенгашларининг мустақил директорлари биринчи халқаро форуми ўтказилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда “УзАссетс” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган форумда йирик давлат корхоналари кузатув кенгашлари ва бошқарувлари раислари, соҳа вазирликлари, идоралар ва халқаро молия институтлари вакиллари иштирок этди.
Форумнинг асосий мақсади тайинланган мустақил директорлар фаолияти ва давлат компанияларининг самарали натижаларини давлат компанияларини ривожлантиришга йўналтириш, ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, маҳаллий ҳамда халқаро экспертлар ўртасида тажриба алмашишга ёрдам беришдир.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон тарихида илк бор Америка Қўшма Штатлари, Испания, Буюк Британия, Россия Федерацияси, Туркия, Германия, Ҳиндистон, Польша каби мамлакатлардан юқори малакали халқаро мутахассислар 22 та давлат корхонасида мустақил аъзолар сифатида ишлаш учун таклиф этилди.
[gallery-19565]
Шу сабабли, мазкур форумда давлат корхоналарини бошқаришнинг янги босқичига ўтишда комплекс стратегияни белгилаш бўйича глобал масалаларни муҳокама қилишга эътибор қаратилди.
Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъули томонидан Янги Ўзбекистоннинг инвестиция сиёсатида эришган натижалари ва устувор йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, давлат корхоналарининг кенг кўламли трансформацияси, халқаро стандартларни жорий этиш ва давлат компанияларининг янада ўсиши учун замонавий корпоратив бошқарув усулларини интеграциялаш орқали шарт-шароитлар яратиш муҳим ҳисобланади.
Форум иштирокчилари галдаги вазифалар ва давлат компаниялари билан мустақил аъзолар ўртасида ҳамкорлик босқичларини кўриб чиқди. Бу эса келгусида давлат компанияларининг коллектив органлари фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, ушбу очиқ мулоқот Ўзбекистондаги йирик давлат компанияларида долзарб масалаларни ҳал этиш, илғор ғоялар ишлаб чиқиш ва трансформацияларни амалга оширишда яна бир амалий қадамдир.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев, ЎзА