ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Манзура Салимова Қува туманида бўлиб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожи, тадбиркорлик ва ижтимоий соҳага оид долзарб масалалар юзасидан қатор учрашувлар ўтказди.
Депутат дастлаб туман ҳокимлигида 2025–2026 йилларга мўлжалланган “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури доирасидаги йиғилишда иштирок этиб, тиббиёт муассасаларининг ҳолати ва фаолиятини яхшилаш бўйича таклифлар берди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 21 октябрдаги “Ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти, шунингдек, камбағалликни қисқартириш, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижроси ва маҳалла тизими самарадорлиги масалаларига алоҳида тўхталди.
Ташриф доирасида Манзура Салимова қатор тадбиркорлик субъектларида бўлди. Жумладан, Нодирбек Асқаровга тегишли мева-сабзавот сақлаш омборхонаси, “Yingtai Agro Cultural Food Technology” Ўзбекистон–Хитой қўшма корхонаси ҳамда “Investex Group” тўқимачилик фабрикаси фаолияти билан танишди. Корхоналарнинг экспорт салоҳияти, янги иш ўринлари яратиш ва Европа бозорига чиқиш режалари муҳокама қилинди.
[gallery-26220]
Шунингдек, депутат маҳаллий аҳоли билан учрашиб, давлат дастурларининг мазмун-моҳиятини тушунтирди, коррупциянинг олдини олиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасидаги вазифаларни белгилаб берди. Манзура Салимова Қува туманидаги 62-мактаб, “Омад Шифо” реабилитация маркази ҳамда ногиронлиги бўлган болалар учун мўлжалланган “Меҳр” ва “Имкон” муассасаларида ҳам бўлиб, уларнинг фаолияти, иситиш тизими ва қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганди. Ташриф якунида депутат ижтимоий соҳа объектларидаги ишларни юқори баҳолаб, аҳоли фаровонлиги йўлида масъулиятни янада ошириш зарурлигини таъкидлади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА