Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Долзарб масалалар муҳокама этилди
17:40 / 2025-12-09

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев навбатдаги кенгайтирилган йиғилиш ўтказди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ҳокимлик гуруҳ ва котибиятлар мудирлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, ҳудудий студиялардан туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди ва бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Маълумки, қиш-баҳор мавсуми учун озиқ-овқат захирасини шакллантириш бевосита нарх-наво барқарорлигини таъминлайдиган, аҳоли кайфиятини белгилайдиган ғоят аҳамиятли вазифадир.  Вилоят аграр тармоғида бу йил сабзавот ва картошкачиликда, шунингдек, бошқа кундалик истеъмол маҳсулотлар бўйича баракали ҳосил етиштирилди. 

Ҳар бир ҳудуд бўйича маҳсулотларнинг тегишли захирасини яратиш, уларни бозорларда маҳсулот камайган, халқ таъбири билан айтганда “иликузилди” пайтларда пешма-пеш арзон нархларда бозорга чиқариш, шу тариқа нарх-наво ошмаслигини таъминлаш маҳаллий ҳокимликлар фаолиятининг муҳим йўналиш ҳисобланади.

Қайд этилганидек, ҳудуддаги омборлар ва тайёрлов-сақлов корхоналарида шу кунгача маҳсулотларнинг улкан захираси яратилган. Аввалроқ вилоят ҳокими саховатли кузнинг пишиқчилик палласидан бошлаб ҳар бир ҳудуднинг асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича қўшимча захираси бўлиши шартлигини, бунинг учун  яратилган имконият ва берилаётган моддий ресурсларни тўғри йўналтириб, ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ маҳсулот жамғариш топшириғини берган эди.

Бу масала юзасидан тузилган ишчи гуруҳнинг ўрганишлар натижалари бўйича ҳисоботи тингланиб, камчиликка йўл қўйган мутасаддилар жиддий огоҳлантирилди ва маҳсулотлар ўрнини зудлик билан тўлдириш чоралари белгиланди. Йиғилишда қишлоқ хўжалиги жамғармасидан ажратилган имтиёзли кредитларни қайтариш, вилоятда вояга етмаганлар фойдасига алимент ундириш ҳолатлари ҳам атрофлича таҳлил қилиниб, бу йўналишлардаги ишларни доимий назоратда тутиш лозимлиги таъкидланди.    

Зойир Мирзаев барча масъуллар эътиборини кириб келаётган Янги йил байрамига ҳар тарафлама пухта тайёргарлик кўриш, соғиниб кутиладиган байрамни аҳолига чинакамига хуш кайфият улашиб қаршилаш зарурлигига қаратди. Шу муносабат билан, вилоят раҳбари тегишли масъулларга, ҳокимларга жойларда Янги йил тадбирлари ва байрам томошаларини уюшқоқлик билан, пухта сценарийлар асосида ўтказиш, арча майдонларидаги тадбирларнинг ғоявий-бадиий савиясига алоҳида эътибор қаратиш, Янги йил тимсоллари бўлган эртак қаҳрамонлари иштирокидаги ҳар бир томошани одамларга, болажонларга манзур қилиш бўйича ўз тавсияларини берди. 

Шу билан бирга, бозорларда нархларнинг асоссиз ошишига йўл қўймаслик, арзонлаштирилган савдо ярмаркаларини йўлга қўйиш, байрам томошалари ўтказиладиган ҳар бир майдон ва масканда хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, давлат идораларида туну кун навбатчилик ва тезкор хизматларни ташкил этиш, коммунал соҳалар бўйича штаблар фаолиятини кучайтирилган режимда давом эттириш бўйича бир қатор топшириқлар берилди. 

А.Мусаев, ЎзА.