Ўқув йили якунланиши арафасида, 15 май куни давлатимиз раҳбари бошчилигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёзга таътил даврида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш учун театр, маданият марказлари ва концерт заллари, спорт майдончалари, оромгоҳ ва туризм объектлари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги, мактабларда кундузги оромгоҳлар, спорт, фан ва касб-ҳунар тўгараклари ташкил этилиши белгиланди.
Шу мақсадда 1 июндан 30 августгача “Зарбдон 90 кунлик” эълон қилиниб, мактаб ўқувчилари ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни соғломлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилиши зарурлиги таъкидланди.
Белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Самарқанд вилоятида ҳам амалий ишлар бошланди.
– Ёзги таътилни самарали ташкил этиш бўйича берилган топшириқлардан кўзланган асосий мақсад – ота-оналар ишда бўлган пайтда болаларни эътиборсиз қолдирмаслик, уларнинг вақтини фойдали машғулотлар билан ўтказишларига эриш, – дейди Самарқанд вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. – Бунинг учун вилоятимизда 90 кун давомида 17 та кўрик-танлов, 19 та мусобақа ва 54 та турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш ҳамда 210 мингдан ортиқ ўқувчи-ёшларни қамраб олиш режалаштирилган. Буни қандай амалга оширамиз? Аввало, ана шу 90 кунда ҳар бир ҳафтада муайян йўналишда танлов ва мусобақалар, интеллектуал ўйинлар ўтказамиз. Масалан, бир ҳафта шахмат-шашка мусобақаси ташкил этилса, кейинги ҳафта ёш китобхонлар танлови, сўнгра “Заковат” интеллектуал ўйини, киберспорт мусобақаси, футбол, волейбол баҳслари ташкил этилади. Шу тарзда ҳар бир ҳафтада белгиланган йўналишлар бўйича тадбирлар уюштирилади.
Ҳозир вилоятдаги барча мактабларда спорт, мусиқа, китобхонлик ва компьютер саводхонлик йўналишларида тўгараклар ташкил этилди. Шу билан бирга, 17 та “Баркамол авлод” болалар мактабида мавжуд 7 та йўналишдаги 1363 та тўгаракка 43 минг нафардан ортиқ ўқувчи қамраб олинмоқда. 57 та умумий ўрта таълим мактабида фаолият бошлаган соғломлаштириш майдончаларида 13 минг нафарга яқин ўқувчилар дам олиб, соғломлаштирилади. Уч ой давомида ўқувчилар учун вилоят миқёсида тарихий шаҳарлар ва диққатга сазовор жойларга сайёҳатлар ташкил этилади, туризм объектлари, музейлар билан танишиш кўзда тутилган.
Шу ва бошқа тадбирлар орқали “Долзарб 90 кунлик” давомида 698 минг нафар ўқувчини қамраб олиш кўзда тутилган.
Дарвоқе, ўқувчилар ўртасидаги “Турон мактаб театри” ҳамда “Иқтидор мактаб ансамбли” республика танловларининг якуний мамлакат босқичларини ҳам Самарқанд шаҳрида ўтказиш режалаштирилган. 17-19 июнь кунлари ўтказиладиган мазкур тадбирлар Регистон майдонида бошланади ва 18 июнь вилоят мусиқали драма театрида “Турон мактаб театри” танловининг республика босқичи, 19 июнь куни “Нурафшон” санъат саройида “Иқтидор мактаб ансамбли” танловининг республика босқичи бўлиб ўтади. Танловлар ғолибларини тақдирлаш маросими Самарқанд халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасида ўтказилади.
– Шу кунларда кўпчиликни “ёзги таътил пайтида мактабларда тўгараклар, соғломлаштириш оромгоҳлари ташкил этилса, ўқитувчилар қачон дам олади?” деган савол ҳам қизиқтираёгани табиий, – дейди М.Ҳамдамов. – Албатта, бу масалалар ҳам эътиборга олиниб, имкон қадар ўқитувчиларнинг таътилига халақит қилмаган ҳолда ишлар ташкил этилмоқда. Жараёнда қатнашадиган ўқитувчи ва мураббийларга иш ҳақи тўланиши белгиланган.
Бугун Самарқанд шаҳридаги 9-умумтаълим мактабида “Долзарб 90 кунлик” доирасида вилоятдаги ёзги соғломлаштириш майдончаларининг рамзий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мактабдан ташқари таълимни ташкил этиш бўлими бошлиғи Индира Холдорова, Самарқанд вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов иштирок этиб, ўқувчиларга ёзги таътил вақтини мазмунли, самарали ўтказишларини тилади.
[gallery-23855]
– Ўқувчи ёшларнинг ёзги дам олиш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган ёзги соғломлаштириш майдончаларида таълим, спорт, санъат тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди, – дейди Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Акмал Олимов. – Ёзги соғломлаштириш майдончаларига вилоят миқёсида тўрт босқичда 12805 нафар ўқувчи қабул қилиниши режалаштрилган. Тўгаракларнинг самарали ишлаши ҳамда етарли шароит яратиш мақсадида йирик қамровга эга мактаблар танлаб олинган. Шунингдек, тўгаракларни ташкил этишда таълим сифати паст ҳудудларда ёзги таътилдан унумли фойдаланиш мақсадида фан тўгаракларига кўпроқ эътибор қаратилди.
Шунингдек, тадбир доирасида халқаро таълим синовларида иштирок этган умумтаълим мактабларига вазирлик томонидан берилган электрон доскалар тантанали топширилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари