Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида 2025 йил июнь – август ойлари давомида қандай ишлар амалга оширилди, натижа қандай бўлди?
Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова бу бўйича маълумотларни тақдим этди.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йилнинг 15 май куни бўлиб ўтган соҳага оид видеоселектор йиғилишида ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича “Долзарб 90 кун” тадбирларини юқори даражада ўтказиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Мазкур топшириқ ижроси юзасидан “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида 1 июндан 30 августгача ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни соғломлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди.
Хусусан, жорий йилнинг июнь-август ойлари давомида жами 200 мингдан ортиқ тадбир ташкил этилиб, мазкур тадбирларга 7 миллион нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар жалб этилди.
Жумладан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 1 минг 251 та умумтаълим мактабларида кундузги оромгоҳлар ташкил этилиб, уларда 173 минг нафар ўқувчилар иштирок этди.

Мактабларда “Ёз – 2025” лойиҳаси доирасида 14 минг 988 та спорт мусобақалари ўтказилиб, уларда 306 минг нафар ўқувчи қатнашди.
Республикамиз бўйлаб 219 та “Баркамол авлод” болалар мактабларидаги 79 та тўгаракларда 300 минг нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар ўз йўналишларида янги кўникмаларни эгаллади.
545 та мактабда ташкил этилган қўшимча дарсларда эса 125 минг нафар ўқувчилар қамраб олинди. 13 минг 885 та репетиторлик ва ижодий тўгарак курсларига жами 2 миллион нафардан ортиқ ёшлар билим олишди.

Бундан ташқари, жойларда “Баркамол авлод болалари”, “Китобхонлар” фестиваллари, “Турон” мактаб театри ва “Иқтидор” мактаб ансамбли концерт дастурлари доирасида 6 минг 338 та тадбир ташкил этилиб, уларга 294 минг нафар ўқувчи-ёшлар жалб этилди.
Бундан ташқари, “Турон” мактаб театри ва “Иқтидор” мактаб ансамбли жамоалари томонидан Ўзбекистон Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида жорий йилнинг 26-28 август кунлари туман (шаҳар) макразларида театр намойишлари ташкил этилди. Ушбу тадбирларда 360 минг нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Шунингдек, 9 минг 505 та маънавий-маърифий тадбирларда 243 минг нафар ўқувчилар қамраб олинди.
Эътиборли жиҳати, бу йил илк бор 100 нафар спортчи ёшлар учун “Лочин” дам олиш масканида ўқув йиғин машғулотлари ўтказилди. Оромгоҳда ўқувчилар ўртасида турли мусобақалар ташкил этиш орқали уларнинг орасидан энг иқтидорли ўқувчилар саралаб олиниб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Миллий терма жамоаси шакллантирилди.
Шунингдек, жорий йилда “Долзарб 90 кун” лойиҳаси давомида 54 нафар иқтидорли ўқувчилар Россия, Беларусь ва Хитой давлатларига соғломлаштириш оромгоҳларига юборилди. Айтиш керакки, бу борадаги эзгу ишларнинг барчаси болажонларимизнинг вақтини тўғри ва унумли ташкил этиш борасидаги ғамхўрликнинг амалдаги ёрқин намунасидир.
Н.Усмонова,
ЎзА