Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Долзарб 30 кунлик» тадбири ўтказилмоқда
17:36 / 2024-04-15

Мамлакатимизда мавжуд боғдорчилик, деҳқончилик хўжаликлари, шахсий томорқа, иссиқхоналар ва бошқа майдонларни турли зараркунандалардан ҳимоя қилиш, яшил ҳудудлар барпо этиш бўйича бир қатор хайрли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Айни кунларда Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан пойтахтимизнинг 12 та туманига бириктирилган карантин инспекторлари томонидан жорий йилнинг 27 мартидан 26 апрелига қадар «Долзарб 30 кунлик» тадбирлари ўтказилмоқда. 

Тадбирлар доирасида республика ҳудудларида парвариш қилинаётган игнабаргли манзарали дарахт ва буталарга зарар етказаётган арча унсимон қурти ҳамда бошқа хавфли зараркунандаларга қарши кураш олиб борилмоқда. Бу ҳақда кенг жамоатчилик орасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратиляпти. 

Мамлакатимизда ўсимликлар карантини тизимини янги босқичга кўтариш, соҳага илм-фан янгиликлари, халқаро амалиёт ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми ва географиясини янада кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. 

– Маълумки, игнабаргли дарахт ва буталар республикамизнинг яшил майдонларида катта ҳудудларни эгаллайди, – дейди Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси инспектори Нодира Мамаджонова. – Ушбу ўсимликлар ҳавони нафақат кислород билан бойитиш, балки дезинфекция қилиш хусусиятига ҳам эга. 

Маълумотларга қараганда ер юзида игнабаргли ўсимликларнинг 400 га яқин нави бор. Ўзбекистонда эса арча туркумига мансуб турлари ўсади. Ушбу ўсимликларнинг асосий кушандаси арча унсимон қурти ҳисобланиб, ҳашарот арчанинг новда ва баргларига ўрнашиб катта зарар етказади. Ушбу зараркунандаларга қарши уйғунлашган кураш тадбирларини олиб бориш мақсадида Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан «Долзарб 30 кунлик» карантин назорат тадбирлари олиб борилмоқда. 

Зараркунанда аниқланган майдонларни зарарсизлантириш ишлари амалга оширилиб, лаборатория текширувидан ўтказилмоқда. 

Шунингдек, тадбирлар давомида фитосанитария назорат доирасида парваришланаётган игнабаргли манзарали дарахт ва буталарни тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳам белгиланган. Кейинчалик бу ўсимликлар ҳудудлардаги давлат инспектор-агрономлар томонидан тўлиқ назоратга олинади. 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА