Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Мавлонбек Досчанов соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.
Қайд этилишича, жорий йил 10 июлдан 10 августга қадар республикамизда “Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича ”Долзарб 30 кун” тадбири ўтказилди.
Тадбир доирасида ёзги дам олиш ва соғломлаштириш мавсумида республикада ташкил этилган жами 1 минг 311 та стационар оромгоҳ, соғломлаштириш майдончалари, пансионат ва санаторийларда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ходимлари ва куч-воситалари томонидан туну кун хизмат ташкил этилиб, ушбу объектларнинг масъуллари ҳамда ишчи-хизматчилари томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш юзасидан қатъий назорат ўрнатилди. Муҳим, тоифаланган ва ёнғин-портлаш хавфи юқори бўлган объектларда носоз ҳолга келган 112 та сув ҳовузи, 173 та гидрантлар тузатилди. Ушбу объектлар 56 минг 673 квадрат метр майдондаги ёнишга мойил қуриган ўсимликлар ва чиқиндилардан тозаланди.
Ўрмон фонди объектларида 303 км. ёнғинга қарши оралиқ жойлар, 590 км. йўллар, 568 км. ҳимоя чизиқлари ҳамда 14 минг 880 метр куб сув ҳавзалари янгидан қурилиб, ёнғин хавфи юқори ҳудудларда 121 минг 500 литр сув захиралари яратилди. 382 минг 135 та якка тартибдаги аҳоли турар жойлари, 7 минг 930 та дала ҳовлилар, 16 минг 320 та кўп квартирали уйлар ва улардаги 329 минг 25 та хонадонда ўрганишлар ўтказилиб, аниқланган қоидабузарликлар 90 фоизининг бартараф этилишига эришилди.
Объектларда ўтказилган профилактика тадбирлари давомида 950 та бино ва иншоотларда, 2 минг 661 та носоз электр қурилмаларида ёнғин келиб чиқиш хавфи олди олинди. Тадбир доирасида сувсиз ҳудудларда 775 та гидрант ўрнатилиб, 205 та ёнғинга қарши сув ҳовузлари ва 83 та пирслар барпо этилди. Носоз ҳолдаги 1 минг 67 та гидрант ва 584 та ёнғинга қарши сув ҳовузларининг таъмирланишига эришилди.
Таҳлилларга кўра, ўтган йилларнинг бу даврида ёнғинлар сонининг фақат ўсиши кузатилган бўлсада, “Долзарб 30 кун” тадбири даврида олдини олишга қаратилган оммавий ишлар натижасида республикада юз берган ёнғинлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоиз камайишига эришилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА