Нефть ва газ тармоғи давлатимиз иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга. Ушбу соҳада самарали бошқарув, замонавий технологияларни жорий этиш ва молиявий барқарорликни таъминлаш муҳим вазифалардан саналади.
“Долзарб 100 кунлик” дастури шундай вазифаларни амалга ошириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ижтимоий лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бугун ташкил этилган брифингда мазкур ташкилот ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов ушбу дастурнинг 50 кунлигида эришилган натижалар ҳамда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва инновацион ишлар ҳақида маълумот берди:
– Дастур доирасида ташкилотни молиявий соғломлаштириш, харажатларни мақбуллаштириш асносида самарадорликка эришиш, маблағларни биринчи навбатда геология қидирув ишлари, техник тадбирлар, қазиб чиқариш ҳамда қайта ишлашга йўналтиришга асосий эътибор қаратилмоқда.
Сарф-харажатларни қисқартириш натижасида дастлабки икки ойда қўшимча 1,1 триллион сўм самарага эришилди.
Ўтган қисқа давр мобайнида нефть ва газ қазиб чиқариш, углеводородлар захирасини оширишда устувор ҳисобланган геология қидирув, 3D сейсмика натижалари асосида янги истиқболли майдонларни аниқлаш ҳамда излов-қидирув қудуқларини бурғилаш ишлари амалга оширилди.
Республикадаги кон ва майдонларнинг чуқур геологик тузилишини ўрганиш ҳамда излов бурғилашга янги структуралар аниқлаш мақсадида жами 6500 кв.км ҳажмда 3D сейсмик қидирув ишлари ўтказилиши белгиланди. Бу ўтган йилга нисбатан 2,5 баробар кўп.
Бу йил “Ўзбекнефтгаз” тарихидаги энг катта ҳажмда бурғилаш ишлари амалга оширилади. Жамият 103 та қудуқ, шу жумладан, 58 та излов-қидирув қудуғи ва 45 та ишлатиш қудуғини бурғилашни режа қилган.
Геология қидирув ишларини жадаллаштириш мақсадида 20 та инвестиция блоги учун рухсатномалар олинди. Шунингдек, геология-қидирув асбоб-ускуна паркини модернизация қилиш ва замонавий ускуналарни жалб қилиш мақсадида 12 та бурғилаш дастгоҳи, 2 та 3D сейсмик мажмуа ва 100 дан ортиқ каротаж асбоби харид қилиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилди.
Жамиятда товар-моддий ресурслар нархларини мақбуллаштириш, юқори фоизли кредитлар бўйича ставкаларни пасайтириш, қўриқлаш тизимини рақамлаштириш орқали харажатларни камайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Дебитор қарздорликларни ундириш, ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри музокаралар натижасида товар ва хизматлар нархлари пасайтирилиб, 766 млрд. сўм иқтисод қилинди. Бу кўрсаткич йил якунига қадар 2,5 триллион сўмга етиши кутилмоқда.
Соҳага оид бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш натижасида сақлаш харажатлари дастлабки икки ойда 3 миллиард сўмга қисқартирилди, йил охирига қадар қўшимча 33 миллиард сўм иқтисод қилиш режалаштирилган. Қурилиш ва бурғилаш лойиҳалари қийматини оптималлаштириш ҳисобига эса йил бошидан 154 миллиард сўм тежалди ва йил якунида мазкур кўрсаткич 1,7 триллион сўмга етиши прогноз қилинмоқда.
Марказий аппаратда ходимлар функцияларини қайта тақсимлаш, такрорланувчи вазифаларни бирлаштириш асосида ходимлар сони 875 нафардан 610 нафарга оптималлаштирилди. Қўриқлаш хизматини рақамлаштириш ва лабораторияларнинг янгича тизимда ишлаши натижасида 700 га яқин янги иш ўрни яратилиши белгиланди.
Жамиятда инсон капиталига устувор аҳамият қаратилган. Ходимларнинг ойлик маошларини ошириш, иссиқ овқат ва мавсумий оёқ кийим билан таъминлаш, эски автобуслар ўрнига замонавий автобуслар сотиб олиш, ётоқхона, ошхона ва конференц зали қурилиши учун маблағ ажратилиши режалаштирилган. Шунингдек, кон ва объектлардаги ишчилар шаҳарчасидаги ётоқхона, ҳожатхона, ювиниш ва ошхоналар босқичма-босқич капитал таъмирланади ва зарур жиҳозлар харид қилинади.
Дастурнинг яна бир асосий мақсади шуки, табиий газ ва нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш.
Жорий йилнинг ўтган даврида тозаланган табиий газ 2,276 миллиард метр куб (режага нисбатан 109,4%), газ конденсати 78,2 минг тонна (режага нисбатан 109,1%), суюлтирилган газ 85,7 минг тонна (режага нисбатан 108,2%), олтингўгурт 28 минг тонна (режага нисбатан 124%), полистилен маҳсулоти 21 минг тонна (режага нисбатан 104,2%) ишлаб чиқарилди.
Шунингдек, аҳоли ва хусусий тадбиркорларга 88,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
Эътиборлиси, “Uzbekistan GTL” МЧЖ томонидан синтетик нефть маҳсулотларини барқарор ишлаб чиқариш таъминланмоқда. Белгиланган чора-тадбирлар натижасида заводда ўтган йилга нисбатан 33 минг тонна кўп синтетик нефть маҳсулоти ишлаб чиқарилди ва ўсиш суръати 318 фоизни ташкил этди.
Қайд этиш жоизки, 50 кунлик натижалар тизимда белгиланган қисқа муддатдаги тактик чоралар эмас, балки тармоқни тубдан янги босқичга олиб чиқиш ва трансформация қилишга қаратилган стратегик аҳамиятга эга ислоҳотлар натижасидир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА