"Док–1 Макс" номидаги дори воситасининг ножўя таъсири сабаб Самарқандда ёш болалар ўртасида ўлим ҳолати қайд этилди.
Бу борадаги ҳолат Сирдарё вилоятида ҳам 7 нафар бемор болада қайд этилиб, уларда "Док-1 Макс" дори воситасининг ножўя таъсири кузатилди. Айни вақтида, 4 нафар бола дори воситаси билан боғлиқ дарддан фориғ бўлган бўлса, икки нафар бемор бола Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё филиалида, 1 нафар бола Республика болалар миллий марказига ўтказилди. Бу ҳолатнинг келиб чиқишига, шифокорлар кўрсатмасисиз, дорихонадан дори воситаларини харид қилиб ичиргани, шифокорлар тавсиясига амал қилмагани сабаб бўлган.
– Бемор болаларда оғир ўткир респиратор касаллик аломатлари, ўткир нефрит, иккала буйрак етишмовчилиги, анурия ва бошқа шу турдаги аломатлар кузатилди, –деди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик масалалари бўйича ўринбосари Олтиной Эсонова.— Уларга Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё филиалида, филиал мутахассислари томонидан, белгиланган тартибда ёрдам кўрсатилиб, гемодиализ муолажалари ўтказилди. Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, бошқарма тизимидаги тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган шифокор ва ҳамширалар томонидан аҳоли орасида “Док-1 Макс” дориси, унинг ножўя таъсири тўғрисида кенг қамровли тарғибот тадбирлари ҳам ташкил этилиб, дори воситаларининг ножўя таъсири тўғрисида огоҳлантириб бориляпти.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА