Тошкент шаҳар судида “Док-1 макс” дори воситаси билан боғлиқ суд жараёни давом этмоқда.
Суд жараёни бошланганига бугун икки ой бўлди. Шу боис бугунги суд мажлисида раислик этувчи судья Мусо Юсупов жиноят ишини кўриб чиқиш муддати тугаганини, шу боис суд маслаҳатлашуви амалга оширилишини маълум қилди.
Маслаҳатлашувдан кейин эса бу масалада Тошкент шаҳар суди раисига киритилган илтимоснома қаноатлантирилгани, суд жараёни 2023 йил 11 декабаргача узайтирилганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур суд ишида 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 макс” ва бошқа дори воситаларини мамлакатимизга олиб кирган, унинг таркибини текширишга масъул бўлган ва тарқатган ходимлардан иборат 21 нафар айбланувчи суд олдида жавоб бермоқда.
Дастлабки суд мажлисларида жабрланувчилар билан мулоқот қилган эдик. Уларнинг бошидан ўтказган айрилиқ, чекаётган изтиробларини ҳис қилиш жуда оғир...
Бугунги суд мажлисида суд тергови давом эттирилди.
Айтиб ўтиш керакки, судланувчилар суддан оммавий ахборот воситаларида шахсини очиқламаслик, юзини тасвирга олмасликларини сўрамоқда.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/x2qxacAstmk" title="“Док - 1 макс”га оид ҳақиқий ҳужжатларни ДХХ ходимлари кўриб қолмаслиги керак...”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Судда берилган саволлар ва уларга судланувчилар берган жавобларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.
Судьянинг дори воситасини эксперт жойига чиқиб, доридан намуна олиб келиб, лабораторияда текшириш керак, лекин нега бу амалга оширилмаган, деган саволига жавобдан маълум бўлдики, айнан “Қурамакс медикал” масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб кирилган дори воситаларини ўрганиш учун божхона омборига борилмаган.
Маълум бўлишича, дори воситалари учун намунавий далолатномалар мавжуд бўлган. Масъуллар эса уларга фақат имзо чекиш билан кифояланган.
Ваҳоланки, ҳар бир дори воситаси таркиби текширилиши, текшириш натижаси далолатномада акс этиши керак эди.
Олдиндан расмийлаштириб қўйилган сохта далолатномалар билан дорихоналарга чиққан дорилар эса қанча қоракўзларнинг ўлимига сабаб бўлди.
Дори билан боғлиқ фожиа содир бўлгач, бу иш билан Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари шуғулланган.
ДХХ ходимлари ҳужжатларни ўрганиш учун борганида дори воситалари сифати ва зарарсиз эканига, яъни сертификатига жавобгар шахслар қилмишларини хаспўшлашга уринган.
“Муқаддам тузилган ҳақиқий далолатномани ДХХ ходимлари кўриб қолмаслиги керак. Уларни бекитиб қўйинг”, деган судланувчилардан бири қўл остидаги фармацевтга.
Бу билан жиноятни яширишга ёрдам берганмисиз, деган саволга судланувчи қиз “буни билмаганман”, деб жавоб берди...
Ишқилиб, “Қурамакс медикал”нинг дорилари лабораториядан ўтмагани учун ҳам ундаги заҳарли моддаларни фармацевтларимиз ушлаб қола олмади.
Судьянинг айтишича, 2021 йилдан 2022 йил бошигача 256 минг донадан зиёд “Док - 1 макс” дори воситаси юртимизга олиб келинган.
Лекин шунча дорининг таркиби қандайлиги, улар омборларда қандай сақлангани масъулларнинг эътиборидан четда қолгани ҳолда, ўша дорилардан келадиган мўмай даромад уларни кўпроқ қизиқтиргани кундай равшан.
Суд жараёни ҳали давом этади.
Норгул Абдураимова,
Дониёр Якубов (видео), ЎзА