English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Док-1 Макс” туфайли 17 ёшли ўғлим ногирон бўлиб қолди...”
12:19 / 2023-09-07

Хабарингиз бор, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” дори воситасини қабул қилган 65 нафар бола вафот этган эди. Мазкур жиноят иши бўйича суд жараёни давом этмоқда.

Тошкент шаҳар суди биносида бўлиб ўтаётган мазкур очиқ суд мажлиси бошланишидан олдин жабрланувчилар билан суҳбатлашдик.    

–Фарзандим 2005 йилда туғилган, – дейди қашқадарёлик Дилбар Санақулова. – Ўғлим Бунёдхон соғлом бўлиб вояга етган. Шамоллагани учун  “Док-1 Макс” сиропини дорихонадан олиб бердим, у дорини кунига икки маҳал ичди. Аҳволи яхшиланиш ўрнига ёмонлашди. Шундан кейин уни  шифохонага олиб бордик. Ўша ерда унинг буйраклари ишламаётгани аниқланди. Қарши шаҳар тез тиббий ёрдам марказида ўғлимни даволашга киришишди. Афсуски, боламнинг аҳволи оғирлашиб бораверди. Ўпкаси ҳам ишдан чиқди ва у комага тушиб қолди. Лекин кейин яна ўзига келиб, сал яхши томонга ўзгарди. Бироқ, у ўзи яхши юра олмайдиган, кўзлари юмилмайдиган, оғзи қийшайган биринчи гуруҳ ногиронига айланиб қолди...  

Эслатиб ўтамиз, мазкур жиноят иши Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Мусо Юсупов раислигида биринчи инстанцияда кўриб чиқилмоқда.  

“Док-1 Макс” дори воситасининг Ўзбекистонга олиб кирилиши ва сотилиши билан бевосита боғлиқ бўлган “Quramax Medikal” масъулияти чекланган жамияти ва фармацевтика соҳаси, дори воситаларини стандартлаш тизими масъул ходимларидан иборат 21  нафар судланувчи суд олдида жавоб бермоқда. Улар Жиноят кодексининг ўндан ортиқ моддалари билан айбланган.    

Бўлиб ўтган олтинчи суд мажлисида суд тергови давом эттирилди. Судланувчиларга болаларнинг ўлимига, айримларнинг ногирон бўлиб қолишига сабабчи бўлган дори воситаси давлат стандартидан қандай ўтказилгани  билан боғлиқ саволлар берилди.    

Суд жараёни ҳам, айнан шу йўналишдаги саволларни бериш ҳам ҳали давом этмоқда. Берилаётган жавобларга, қолаверса, судланувчиларнинг айблилик даражасига, албатта, суд баҳо беради.  

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/UZLrI3rPBEQ" title="“Док-1 Макс” туфайли 17 ёшли ўғлим ногирон бўлиб қолди...”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Норгул Абдураимова,  

Дониёр Ёқубов(видео),  

ЎзА