Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Док-1 Макс иши”: жиноят ишига бугун нуқта қўйилиши кутилмоқда
14:07 / 2024-02-26

Судланувчиларга қандай жазолар берилади?

“Док-1 Макс иши” билан боғлиқ жиноят оқибатида юртимизда 86 нафар бола жабрланди. Улардан 68 нафари вафот этган ва 16 нафари оғир, 2 нафари енгил тан жароҳати олган.  

Бу Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сиропи ва бошқа дори воситалари истеъмол қилингани оқибатида рўй берди. Чунки бундай дори воситаларининг айримларида инсон саломатлигига салбий таъсир қилувчи моддалар аниқланган. Айнан шундай, яъни “заҳри қотил”га айланган дори воситалари тегишли органлар томонидан текширилмаган ҳолда, сохта сертификатлар билан дорихоналарга чиқиб кетган.  

2022 йилнинг куз ойларида юз берган мазкур нохуш воқеа ортидан Давлат хавфсизлик хизмати жиноят иши қўзғатиб, тергов ҳаракатларини олиб борди.  

“Док-1 Макс иши” бўйича суд жараёни 2023 йил 11 август куни бошланган эди. Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Мусо Юсупов раислик қилган иш бўйича дастлаб 21 нафар айбланувчи суд олдида жавоб берган бўлса, суд тергови пайтида ишга алоқадор бошқа шахслар ҳам аниқланди. Кейинчалик эса судланувчилар сони 23 нафарга етди.  

Олдинги суд мажлисларида судланувчиларга қандай жазо берилиши муҳокама қилинган. 

Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим прокурори Саидакром Акилов томонидан эълон қилинган айбловда “Quramax Medikal” масъулияти чекланган жамияти раҳбари бўлиб ишлаган ҳиндистонлик С.Р.П.га узил-кесил ўташ учун 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташини белгилаш сўралди.  

Судланувчилардан 4 нафарига 18 йил,  бир нафарига 11 йил, бир нафарига 10 йил 1 ойлик озодликдан маҳрум қилиш жазоси сўралган.  

Қолган судланувчиларнинг айримларига 8 йилдан 3 йилгача ва бошқа жазолар сўралган.  

Бугун бўлиб ўтиши кутилаётган суд мажлисида судья охирги сўзни айтади, яъни жиноят иши бўйича суд қарори ўқиб эшиттирилади.  

Кимлар қандай жазо олади? Бу саволга суд якунида жавоб топилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА