Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Док - 1 макс иши”: Вафот этган болалар эксгумация қилинадими? (+видео)
15:47 / 2023-11-02

“Боламнинг суяги қолдику, нимасини текширасиз?”...

“Док - 1 макс” ва бошқа дори воситаларини қабул қилиш оқибатида вафот этган болалар билан боғлиқ суд жараёни давом этмоқда.    

Тошкент шаҳар суди судьяси Мусо Юсупов раислик қилаётган навбатдаги суд мажлисида вафот этганларни эксгумация қилиш зарурати борлиги қайд этилди.    

Адвокатлардан бири киритган бу таклифни бошқа адвокатлар асосан қўллаб-қувватлади. Бироқ, суд мажлисида иштирок этган жабрланувчилар бунга рози бўлмаслигини билдирди. Улардан бири “Боламнинг суяги қолдику, нимасини текширасиз?”, деди. Прокурор ҳам жабрланувчилар фикри инобатга олиниши кераклигини таъкидлади.    

Судья М.Юсупов вафот этган болаларни эксгумация қилиш, яъни мурдасини текшириш жабрланувчилар учун жуда оғир ҳолат эканини қайд этди. Лекин киритилган таклиф судда кўриб чиқилиши керак. Шу мақсадда жабрланувчиларнинг бу масаладаги фикрлари эшитилди. Энди вафот этган болалар бўйича олдин ўтказилган тадқиқотлар, ҳужжатлар бўйича экспертиза ўтказган ходимлар кейинги суд мажлисларида сўроқ қилинади. Шундан кейингина бир тўхтамга келинади.    

Суд мажлисида жабрланувчилардан бир неча нафари судья, прокурор ва адвокатларнинг саволларига жавоб берди.    

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи аёл 2020 йил октябрь ойида туғилган қизи шамоллаб, йўталиб қолганида “Док – 1 макс” сиропини ичирганини, лекин қизалоқнинг иситмаси тушмаганини, шундан кейин шифохонага олиб борганини маълум қилди. Бир неча кун давомида гўдакдан пешоб ажралмаганини билган она бу ҳақда шифокорларга маълум қилган. Шунга қарамай, болага осма уколлар қилинган. Боланинг аҳволи оғирлашаётганини билган она уни вилоят шифохонасига олиб борган. Онанинг фикрича, шифокорлар болани билиб-билмай муолажа қилган. Оқибатда қизалоқ вафот этган.    

– 2009 йил март ойида туғилган ўғлим 2020 йил декабрь ойида шамоллаб мазаси бўлмаганида “Амбронол” сиропини ичирганмиз, –  деди сурхондарёлик ота. – Яхши бўлавермагач Қумқўрғон тумани марказий шифохонасига олиб бордик. Бу ерда касаллик тарихи алмаштириб юборилгани оқибатида бизни юқумли касалликлар шифохонасига ўтказишди. Буни билиб қолганимиздан кейин ўғлимни Термиз шаҳрига, вилоят касалхонасига олиб бордим. Унинг сиймаётгани маълум бўлгач, шифокорлар керакли муолажани қилиши учун зарур анжомлар йўқ экани айтилди. Ноилож қолиб ўғлимни олиб, пойтахтга йўлга чиқдим. Етиб келишимиз билан 16-шифохонага олиб бордик. Бу ерда бир кун давомида кузатиб, ўткир буйрак етишмовчилиги рўй берганини аниқлашди. Керакли муолажаларни қилишди. Лекин ўғлимнинг аҳволи оғирлашган эди. Бу ерда бир ойча реанимацияда ётди. Январь ойида эса Болалар миллий тиббиёт марказига бизни ўтказишди. Қанча муолажа қилинмасин, ўғлим ўзига келмади. Шу тариқа 25 апрель куни у вафот этди. Боламнинг бир кун чеккан азобини айбдорлар миллиардлар билан ҳам юва олмайди. Уларга энг оғир жазо берилишини сўрайман.      

Жабрланувчилардан яна бири хоразмлик Феруз Нуриддинов эса бошидан ўтказганларини сўзлаб берди:    

– Ўғлим (2018 йил октябрь ойида туғилган) шамоллаб қолганида дорихонадан “Док-1 макс” сиропини олиб ичирганмиз. Чунки бу доридан аввал ҳам фойдаланганмиз. Таъсири яхши бўлганига ишониб, яна шундан олгандим. Сиропни уч кун ичганидан кейин ўғлимнинг аҳволи ёмонлашди. Тинмай қайт қилди. Ошқозонини ювдирсак ҳам аҳволи яхшиланмади. Шифокорга олиб бордим. Текширув пайти буйраклари ишламаётгани маълум бўлди. Шифокорлар болани тезда пойтахтга олиб бориш кераклигини, оддий шифохоналарда уни асраб қолиш мумкин эмаслигини айтишди. Шу куни авиачипта сотиб олиб, пойтахтга етиб келдик. Кўрикдан ўтказганимизда, Болалар миллий тиббиёт марказига олиб боришни тавсия қилишди. Шу ердаги малакали шифокорлар туфайли ўғлимнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Аммо боламнинг асаб тизими қаттиқ шикастлангани учун ҳали ҳам муолажаларни давом эттирмоқдамиз. Ўзим ҳарбий хизматчиман. Аҳволимни кўриб, ишимни Тошкентга ўтказишди, раҳбарларим, сафдошларимиз моддий-маънавий ёрдами билан ўғлимнинг шифо топиши учун курашяпмиз. Бу орада қанча асабийлик, қанча маблағ сарф этилганини санаб беришим мушкул. Суддан адолатли қарор қабул қилишни сўрайман. Шу билан бирга, бизга етказилган моддий ва маънавий зарарлар ундирилишини талаб қиламан.    

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mPwtD9BOZkA" title="“Док - 1 макс иши”: Вафот этган болалар эксгумация қилинадими?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Эслатиб ўтамиз, “Док-1 макс” ва шунга ўхшаган дориларни қабул қилиш натижасида ўтган йили 65 нафар бола вафот этган эди. Болалар ўлими билан боғлиқ дори воситалари тарқалишида иштирок этган 21 нафар айбланувчи суд олдида жавоб бермоқда.  

Норгул Абдураимова, ЎзА