English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Док - 1 макс” иши”: Сертификат сохталигини билиб туриб тасдиқлашгани очиқланди
16:34 / 2023-10-19

Дори-дармонларни қабул қилган ҳар қандай одам шифо топиш ҳақида ўйлайди. Ҳеч ким доридан заҳарланишини истамайди, албатта.

Аммо, афсуски, дори туфайли ҳаётдан кўз юмганлар бор. Масалан, “Док -1 макс” ва шунга ўхшаган дориларни қабул қилиш натижасида ўтган йили 65 нафар бола вафот этган эди. 

Мазкур жиноят иши бўйича Тошкент шаҳар судида суд жараёни давом этмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, мазкур суд ишида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док - 1 макс” ва бошқа дори воситаларини мамлакатимизга олиб кирган, унинг таркибини текширишга масъул бўлган ва тарқатган 21  нафар айбланувчи суд олдида жавоб бермоқда. 

Судья Мусо Юсупов раислик қилаётган суд мажлисида суд тергови давом эттирилаётир.   

Навбатдаги суд мажлисида фармацевтика соҳасида сертификатлашга масъул бўлиб ишлаган шахс Ш.Р. судья, прокурор ва адвокатларнинг саволларига жавоб берди. 

Жавобларга, умуман олиб қараганда, дориларга тегишли ҳужжатлар унинг қўлига тайёр ҳолда келган, у эса фақат имзо чекиш билан кифояланган...

Доридан болалар ўлими юз берганидан кейин пайдо бўлган  можародан кейин эса у ишдан кетган. Айни пайтда эса Ш.Р. ўз хусусий дорихонасига раҳбарлик қилмоқда... 

Навбатдаги судланувчи М.С. эса фармацевтика соҳасида инглиз тили мутахассиси бўлиб ишлаган, дорилар билан боғлиқ маълумотларни инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилиш билан шуғулланган. 

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/TbEC_RzEEiM" title="“Док - 1 макс” иши”: Сертификат сохталигини билиб туриб тасдиқлашгани очиқланди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Бироқ, у тил бўйича мутахассис бўлишига қарамай, кейинчалик дориларни сертификатлаш бўлимига ўтказилган, яъни дорилар сифати, хавфсизлиги бўйича сертификатдан ўтказувчи масъул ходим бўлган. У эса халқаро масалалар, таржима билан шуғулланишдек аввалги вазифаларини бажаришда давом этган. 

Шунга қарамай бу ходим дорилар билан боғлиқ сохта сертификатларни аниқлаган. Бу ҳақда масъул раҳбарларга маълум қилган. Масъуллар эса “сохта сертификатли дориларни тарқатишни тўхтатиш керак”, дейиш ўрнига, индамай қўя қолишган. 

Дори билан боғлиқ кўнгилсизлик ортидан Давлат хавфсизлик хизмати жиноят иши очиб, тергов ишларини бошлаганида М.С. сохта сертификат ҳақида терговчиларга маълум қилган. 

Ўша масъул шахслар эса ундан сохта сертификат ҳақида берилган кўрсатмани ўзгартиришини сўраган. Аммо М.С. кўрсатмасини ўзгартирмаслигини айтган.  

Суд тергови давомида масъул шахслар бу фактларни тасдиқламаслигини билдирди.

Суд мажлисида шу каби фикрлар, тортишувлар давом этмоқда. Ким ҳақ, ким ноҳақ экани суд якунида маълум бўлади. 

Суд олдида жавоб бераётган шахслар гарчи ўзларини беайб қилиб кўрсатишга қанчалик уринмасин, орада рад қилиб бўлмайдиган аччиқ  ҳақиқат – 65 нафар гўдак ўлими, уларнинг ота-онасларининг изтироблари бор. Бундан эса ҳеч ким кўз юма олмайди.   

  

Норгул Абдураимова,

Дониёр Якубов (видео), ЎзА