Судда кўрилаётган “Док-1 Макс иши” болалар ўлими билан боғлиқлиги ҳеч кимга сир эмас.
“Quramax Medikal” масъулияти чекланган жамияти томонидан Ўзбекистонга олиб келинган “Док-1 Макс” сиропи ва бошқа дори воситалари кўплаб гўдакларнинг ёстиғини қуритди.
Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган дори воситаларини мамлакатимизга олиб киришда қонунга амал қилинмагани, яъни дорилар экспертизадан ўтказилмагани улар таркибида инсон саломатлигига салбий таъсир қилувчи заҳарли моддалар аниқланмасдан дорихоналарга чиқиб кетишига сабаб бўлган.
Бу заҳарли моддалар эса болаларда буйрак етишмовчилиги кузатилиши, марказий асаб тизими издан чиқишига сабаб бўлган.
Бу жараёнда айбдор деб топилган шахслардан 21 нафари суд олдида жавоб бермоқда.
Тошкент шаҳар суди судьяси Мусо Юсупов раислик қилаётган бугунги суд мажлисида суд жараёнлари бир ойга тўхтатилиши маълум қилинди.
Сабаби – “Док-1 Макс” ва “Амбронол” (сироп) дори воситаларини истеъмол қилиб, “ўткир буйрак етишмовчилиги” оқибатида вафот этган 65 нафар бола ўлими билан боғлиқ жиноят ишига алоқадор янги шахслар Давлат хавфсизлик хизмати тергов органи томонидан айбланган.
Шу ва бошқа асосларга кўра, суд томонидан 2023 йил 1 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 416, 417-моддалари тартибида ажрим чиқарилди.
Ажрим айбловни тўлдириш ва бошқа шахсларни айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш билан боғлиқ қўшимча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов органига юборилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/24AWv3gF1Gk" title="“Док-1 макс иши”: ДХХ жиноят ишига алоқадор янги шахсларни аниқлади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова, Дониёр Якубов (видео), ЎзА мухбирлари