Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Док-1 макс иши”: дардга дармон эмас, заҳри қотил бўлган дорилар нега ушлаб қолинмади? (+видео)
21:18 / 2024-01-10

Дори воситалари одамлар дардига дармон бўлиши учун ишлаб чиқарилади. Бироқ дори дармон бўлиш ўрнига заҳри қотилга айланса, ҳар қандай кишини гангитиб қўяди.

Бундай вазиятда “нега?" деган саволларнинг кети узилмаслиги табиий. Ахир дори воситаларини текшириб, синовдан ўтказиб, халққа тақдим этувчи бир неча ташкилот, ўнлаб тузилмалар, юзлаб ходимлар бор. 

Бироқ Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 макс” ва бошқа дори воситаларининг синовдан ўтказилмаган катта қисми дорихоналарга чиқиб кетиши оқибатида қанча жажжи қоракўзларнинг ёстиғи қуриди. Қанча ота-она болам, деб бўзлаб қолди. 

2022 йил куз ойларида содир бўлган ушбу воқеа билан боғлиқ, биз “Док-1 макс иши” деб атаётган суд жараёни давом этмоқда. 

Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Мусо Юсупов раислик қилаётган мазкур жиноят иши бўйича суд жараёни 2023 йил 1 декабрь куни бир ойга тўхтатилганидан хабарингиз бор. 

Сабаби, “Док-1 макс” ва “Амбронол” (сироп) дори воситаларини истеъмол қилиб, “ўткир буйрак етишмовчилиги” оқибатида вафот этган 68 нафар бола ўлими билан боғлиқ жиноят ишига алоқадор янги шахслар Давлат хавфсизлик хизмати тергов органи томонидан айбланган. 

Ўтган ҳафтада Тошкент шаҳар судида янгидан бошланган “Док-1 макс иши” бугун ўз ишини давом эттирди. 

Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим прокурори Саидакром Акилов 23 нафар судланувчига нисбатан айблов хулосасини ўқиб эшиттирди. 

Айблов хулосасидаги янги гаплар судловга тортилган янги икки нафар шахсга оиддир. 

Улардан бири – Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази бош мутахассиси лавозимида ишлаган Т.Ф. бўлиб, у давлат хизматчиси бўла туриб, такроран пора олиш, бир гуруҳ шахслар билан олдиндан тил бириктириб, муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ушбу ҳужжатлар қалбаки эканини била туриб, улардан фойдаланиш билан шуғулланиб келган. 

Соғлиқни сақлаш вазирининг 2018 йилдаги 343-сонли буйруғига кўра, дори воситаси ишлаб чиқарувчи давлатдан ташқари камида яна бир давлатда рўйхатдан ўтказилган бўлиши шарт. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QRfexj_oVpA" title="“Dok-1 maks ishi”: dardga darmon emas, zahri qotil boʻlgan dorilar nega ushlab qolinmadi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Бироқ “Quramax Medikal” масъулияти чекланган жамияти директори, ҳиндистонлик С.Р.П. давлат органи хизматчиси ҳисобланган Т.Ф. билан олдиндан тил бириктириб, унинг имкониятлари орқали, пора эвазига унга Ҳиндистоннинг “Marion Biotech” корхонасида ишлаб чиқарилган дори воситаларини клиник тадқиқотларсиз давлат рўйхатидан ўтказишга эришган. 

Т.Ф. 2022 йил апрель ойида “Quramax Medikal” масъулияти чекланган жамияти директори билан олдиндан тил бириктириб, моддий манфаат эвазига Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Торрекс 200", Торрекс 400" дори воситаларини клиник тадқиқотларсиз давлат рўйхатидан ўтказиш учун ушбу дори воситалари гўёки Тожикистонда давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақида сохта гувоҳномани тайёрлаб беришга келишган. 

Ўз навбатида, Т.Ф. бу режани амалга ошириш учун хорижда ишлаб чиқарилган дори воситаларини Ўзбекистонда давлат рўйхатида ўтказиш билан шуғулланувчи консалтинг хизмати раҳбари Н.Ф.га мурожаат қилган. У эса бунга рози бўлган. 

Н.Ф. ўзи раҳбарлик қилиб келган консалтинг компанияда дори воситасининг Тожикистонда ўтказилгани ҳақидаги сохта гувоҳномани тайёрлаб берган. Ҳатто гувоҳноманинг нотариал тартибда тасдиқлангани ҳақида ҳам сохта муҳр қўйган ҳолда уни Т.Ф.га тақдим этган. 

Т.Ф. эса сохта ҳужжатларни ҳиндистонлик жиноий шеригига етказиб берган. Унинг бу “хизмати” учун ҳиндистонлик шахс 1 минг 100 АҚШ доллар берган. 

Шу тариқа ҳиндистонлик қалбаки гувоҳнома орқали қайд этилган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишга тақдим этган. Дори воситалари эса сохта ҳужжатлар билан, клиник тадқиқотларсиз давлат рўйхатидан ўтказилган. 

Т.Ф, Н.Ф. Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б” банди ҳамда 228-модда 3-қисми билан айбланган. 

Т.Ф. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ҳиндистонлик С.Р.П билан тил бириктириб, Ҳиндистоннинг “Marion Biotech” корхонасида ишлаб чиқарилган бошқа дорилар билан боғлиқ шундай ҳаракатларни содир этган. Н.Ф. эса уларга яна “ёрдам қўли”ни чўзган.

Кўриниб турибдики, ана шундай сохта ҳужжатлар билан давлат рўйхатидан ўтган ва дорихоналарга чиқиб кетган айрим дорилар болалар ўлимига сабаб бўлди. 

Дорилар сифати, уларнинг хавфсизлигига масъул айрим шахслар эса бугун суднинг “қора курсиси”да ўтирибди. 

Суд жараёни давом этмоқда. 

P.S: Суд ишига оид материалларда, яъни мазкур матнда ҳамда видеода айбсизлик презумпцияси талабидан келиб чиқиб, судланувчиларнинг исми ва фамилияси очиқ келтирилмади. 

Прокурор ўқиган айблов хулосасида судланувчилар исмлари, фамилиялари мавжуд эди. Лекин эътиборингизга ҳавола этилган вариантда монтаж қилиш орқали судланувчилар исми ва фамилиялари ўчирилган. 

Норгул Абдураимова, Дониёр Якубов (видео), ЎзА мухбирлари