French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Доҳадаги зарба Исроилнинг хатосими ёки стратегияси?
20:38 / 2025-09-10

Келинг, воқеаларга умумий нигоҳ ташлаймиз.

9 сентябрь куни Исроил ҳарбийлари Қатар пойтахтида жойлашган Ҳамас раҳбариятини нишонга олди. AP хабарига кўра, ҳужум айнан Доҳа АҚШ воситачилигида олиб борилаётган гаровдагилар алмашинуви ва ўт очишни тўхтатиш бўйича музокара марказига айланган пайтда амалга оширилди.

Зарба оқибатида олти киши, жумладан бир нафар Қатар хавфсизлик ходими ҳалок бўлган, юқори даражали раҳбарлар омон қолган.

Араб мамлакати Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳаракатни “халқаро ҳуқуқ очиқдан-очиқ бузилиши” деб атади ва Исроилни “давлат терроризми”да айблади.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш ҳам зарбани Қатар суверенитетига қилинган “очиқ-ойдин ҳуқуқбузарлик” сифатида қоралади.

“Reuters” ёзишича, Германия ҳукумати ҳодисани “қабул қилиб бўлмас”, Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер “минтақавий барқарорликка заҳарли зарба” сифатида таърифлаган.

“Al Jazeera” ахборотида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған фожиани “тинчлик саъй-ҳаракатини бузиш” дея баҳолаб, Қатар билан бирдамлигини билдирган.

“Washington Post” маълумотида АҚШ Президенти амалиётга нисбатан камдан-кам учрайдиган танқидий фикрни айтган. Яъни, у ижтимоий тармоқ орқали бу қарор Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху томонидан мустақил қабул қилингани ва “на Америка, на Исроил мақсадига хизмат қилмаслиги”ни ёзди. Трамп Қатарни “кучли иттифоқчи ва дўст” сифатида эътироф этиб, бундай воқеа такрорланмаслигига ишонч билдирган. Демак, Вашингтон – Тель-Авив муносабатида янги оҳанг пайдо бўлаётгандек.

Исроил томони қарорни шахсан Нетаньяху қабул қилганини тасдиқлади. BBС таҳлилига кўра, Исроилнинг асосий мақсади Ҳамас раҳбариятини бевосита нишонга олиб, куч ишлатиш орқали босимни кучайтириш. Бу йўл дипломатик музокарага ишончсизликни кучайтириб, АҚШ ва Европа Иттифоқининг воситачилик ҳаракатига путур етказиши мумкин.

Қатар сўнгги йилларда минтақадаги энг муҳим воситачилардан бири бўлиб келмоқда. Афсуски, бу ҳужум Доҳанинг дипломатик ролини жиддий савол остига қўйди.

“The Guardian” қайд этишича, араб давлатларининг кескин муносабати Исроилнинг минтақавий ихоталанишини янада кучайтиради.

Папа Лео ҳам ҳаво ҳужумини “жуда жиддий вазият” сифатида баҳолаб, бу воқеа Ватиканда ҳам хавотир уйғотганини айтди.

Хулоса шуки, Доҳага берилган зарба нафақат ҳарбий ҳаракат тарзида намоён бўлди, балки дипломатик мувозанатни ҳам издан чиқарди.

Бу гал ҳақиқатан музокара саботаж қилиндими ёки Исроил навбатдаги босим воситасини ишга солдими – саволга аниқ жавоб йўқ. Фақат бир нарса равшан: минтақавий барқарорлик яна ларзага келди. Натижада тинчлик истиқболи баттар ноаниқлашмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА