Воқеа жойи – “Дарб ал-Саъй” маданият майдонидан ЎзА репортажи
Бой ва бетакрор маданий меросимиз, айниқса гўзал санъатимиз даврлар оша сайқалланяпти, гўё. Кузатувимиз кўрсатяпти-ки, ранг-баранг миллий мусиқамиз жилосини тараннум этадиган, узоқ ўтмишдан садо берувчи “Мақом”, “Бахшичилик”, Ҳунармандлик, “Лазги” каби халқаро аҳамиятга молик дурдоналаримиз дунё ахлини ҳайратга солмоқда.
Ҳозиргача Франция, Германия, Хитой, Саудия Арабистони каби давлатларда намойиш этилган миллий маданиятимиз ноёб намуналари жаҳон санъат намояндалари кўнглини хушнуд этгани, улар Ўзбекистонни ўзлари учун янгидан кашф этгани қувонарли.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 1-2 октябрь кунлари Қатарга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлардан бири маданий-маърифий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга йўналтирилган. Ўшанда 2024 йил Доҳада Ўзбекистон маданияти ва туризми ҳафталигини ўтказиш қайд этилган эди.
Ўтган давр мобайнида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга асосланган муҳим қадамлар ташланди. Биргина тарихий факт: 2023 йил Тошкент ва Доҳада элчихоналар очилиши кўплаб соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш суръатига янгича руҳ бағишлади, десак янглишмаймиз. Қатар пойтахтида “Ўзбекистон маданияти, ҳунармандлиги ва туризми кунлари” ўтказилаётгани ҳам икки халқни янада бирлаштираётган бўлса, ажаб эмас.
Очилиш маросими, “Дарб ал-Саъй” маданият майдонида бўлиб ўтган байрам тадбирлари тўрт кун давомида пойтахт аҳолиси, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ҳамда ушбу мамлакатдаги ўзбек жамоатчилигига маданиятимиз бой мероси – мумтоз ва халқ амалий санъати, ижрочилик анъаналари, урф-одат ва қадриятларни намойиш этади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, “Дарб ал-Саъй” мажмуасида шу пайтгача фақат Қатар миллий куни нишонланган, илк бор хориж давлати тадбири – Ўзбекистон маданияти кунлари ўтмоқда.
Дарвоқе, миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлган маданият, адабиёт ва санъатни ривожлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, ўтган йилнинг ўзида 24 мамлакат, жумладан қўшни давлатларда “Ўзбекистон маданияти кунлари” юқори савияда ўтказилди. Айниқса, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг турли йўналишлардаги лойиҳалари халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгаши кенгайтирилган йиғилишида йирик халқаро фестиваллар, жумладан турли дизайн, меъморчилик, ҳунармандлик анжуманларида фаол иштирок этиш зарурлиги хусусида фикр билдирилган. Жорий йил Италия, Буюк Британия, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари каби қатор давлатларда шундай кўргазмалар ташкил қилиниши кўзда тутилган.
Қатар билан йўлга қўйилган дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган маданият кунлари мақом ва бахшилик санъати каби номоддий маданий меросимиз намойиши, заргарлик, миллий мусиқа асбоблари, миниатюра ва бадиий, декоратив ҳамда амалий санъатимиз тақдимоти, гастрономик кўргазмаларни ҳам қамраб олган.
Мамлакатимиз маданияти, ҳунармандлиги ва туризми кунлари билан бир вақтда Доҳа шаҳрида Озарбайжон миллий куни ташкил қилинди. Қатар томони таклифига кўра, Ўзбекистон анжумани тантанали очилиш маросимида Озарбайжон ҳукумати вакиллари ҳам иштирок этгани эътиборли.
Халқаро майдонда маданий дипломатиямизнинг ўрни тобора ортиб бораётган бир пайтда дунёнинг турли бурчакларидаги кўргазма саройларини диёримиз тарихи, санъати ва маданиятидан сўзловчи намуналар безаб турибди. Доҳа дизайн биенналесида “Ҳунарманд Ўзбекистон: толалардаги анъана” номли кўргазма ҳам иш бошлади.
“Ўзбекистон маданияти, ҳунармандлиги ва туризми кунлари”дан тайёрланган видео репортажимизни ЎзАнинг YouTube тармоғида томоша қилишингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4zOPYbs24Xg" title="Dohada “O‘zbekiston madaniyati, hunarmandligi va turizmi kunlari” bo‘lib o‘tdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Беҳруз Худойбердиев, Ёқубжон Мелибоев (видео), ЎзА
Доҳа, Қатар