Аввал хабар берилганидек, 3-4 ноябрь кунлари Доҳада Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммити ўтказилади. Шу муносабат билан Миллий анжуманлар марказида Қатар ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти байроқлари кўтарилди.
QNA хабарига кўра, маросимда юқори мартабали давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби доктор Аҳмад бин Ҳасан Ал-Ҳаммадий Копенгагенда ўтган биринчи Жаҳон ижтимоий саммитидан ўттиз йил ўтгач ташкил этилаётган ушбу нуфузли тадбирга мезбонлик қилиш фахр эканини таъкидлади.

Мулозимнинг фикрича, бу мамлакати инклюзив ва барқарор ижтимоий ривожланишни, барча халқлар ижтимоий адолат ва фаровонликка эришишига қаратилган кўп томонлама ҳаракатни қўллаб-қувватлашга нисбатан қатъий мажбуриятга содиқлигини акс эттиради. Қолаверса, саммит ижтимоий ривожланиш бўйича халқаро мулоқотни кенгайтириш, 2030 йилги Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга оширишни тезлаштириш учун муҳим имкониятдир.
Доҳада БМТ уйи очилиши эса Қатарнинг мазкур халқаро тузилма билан яқин шериклигидан далолат.
Тадбир доирасида “Таълим ҳаммадан устун” жамғармаси томонидан Ички хавфсизлик кучлари (Lekhwiya) ва Қатар қўшма махсус кучлари ҳаво спорти қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган парашютлар кўргазмали чиқиши намойиш этилди. Ижрочилар Доҳа устидан Барқарор ривожланиш мақсадлари акс этган баннерларни кўтариб учиб ўтди.
Маросим оркестр иштирокидаги байрамона мусиқий дастур билан якунланди.
М.Пирматова, ЎзА