Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Доҳа дизайн биенналесида Ўзбекистоннинг 49 хил қўл меҳнати намунаси намойиш этилмоқда (+видео)
20:46 / 2024-02-26

Кўргазмада иштирок этаётган ЎзА вакиллари Мшейребдаги М7 марказидан махсус репортаж тайёрлади.

Миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми сифатида маданият, адабиёт ва санъатни ривожлантириш, авлоддан авлодга ўтиб келаётган бой маданий меросимизни дунёга намойиш этиш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистоннинг Доҳа шаҳрида ўтказилаётган биринчи дизайн биенналесидаги иштироки бунга ёрқин мисол.

Санъат ишқибозларини Қатар пойтахти маркази – Мшейребга жалб этаётган анжуманда вакилларимиз “Ҳунарманд Ўзбекистон: толалардаги анъана” номли лойиҳа билан иштирок этяпти. Диёримизнинг бой ҳунармандлик анъанаси ва замонавий ижод ютуқларини уйғунлаштирган асарларни томоша қилишга кўпчилик ошиқмоқда.

Кўргазмада Ўзбекистонга хос 49 турдаги қўл меҳнати намунаси, жумладан дизайнер Нада Дебс ва Ўзбекистонда хизмат кўрсат уста Сирожиддин Раҳматиллаев ҳамкорлигида яратилган асарлар омма эътиборига ҳавола қилинган.

– Ўзбекистон намойиш этаётган ноёб асарлар барчага манзур бўляпти, – дейди байрутлик дизайнер Нада Дебс. – Масалан, илк бор халқаро кўргазмага қўйилган тапчан ҳам санъат ихлосмандлари диққатига сазовор бўлмоқда. Араб дунёси ва Ўзбекистон ҳунармандлиги ҳамкорлиги тарих ва маданиятлар алмашинувини акс эттирадиган вақт капсуласига ўхшайди.

Ижодкорларнинг муштарак ишлари Ўзбекистон санъатидаги тадрижий ривожланишни ҳам намоён этаётгани қувонарли.

ОАВ вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон миллий павильони – ёғоч ва тўқимачилик ҳунармандлигининг бой тарихи, ранг-баранглиги, ижодкорлар маҳорати ва истеъдоди катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан тақдим этилган мазкур лойиҳа маконнинг эстетик афзаллигини ёритиш, айниқса рангларнинг ўзига хослигига урғу бериш мақсадини ҳам кўзлайди.

Умуман, Қатарда юртимиз энг илғор технологияларни татбиқ этган ҳолда, бой маданий меросни асраб-авайлаётган мамлакат сифатида кўп бор эътироф этиляпти.

Жамғарма Доҳа дизайн биенналеси бош ғояси – “Минтақавий дизайн мукамаллиги тантанаси”ни қўллаб-қувватлаш мақсадида, Баҳрайндаги “Shepherd” студияси билан инновацион ва замонавий кўргазма дизайнини яратиш учун ҳамкорлик ўрнатган.

Кўргазма майдонига биринчи куннинг ўзида минглаб санъат мухлислари, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, ўзбек диаспораси вакиллари ташриф буюрди. Бир сўз билан айтганда, Марказий Осиё ва бошқа минтақалардаги тарихий обидаларни асраш, қадриятларни эъзозлаш орқали жаҳон маданиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракати юқори баҳоланмоқда.

Халқаро майдонда маданий дипломатиямизнинг ўрни тобора ортиб бораётган бир пайтда кўплаб кўргазма саройларида Ўзбекистон павильонлари ташкил этиляпти.

“Ҳунарманд Ўзбекистон: толалардаги анъана” кўргазмаси 2024 йил 30 мартга қадар давом этади.

Батафсил видео лавҳани ЎзАнинг YouTube ижтимоий тармоғидаги саҳифасида томоша қилиш мумкин.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IjhOP3aOoyo" title="O&#39;ZBEKISTON 49 QO&#39;L MEHNATI NAMUNASINI TAQDIM ETMOQDA." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Беҳруз Худойбердиев, Ёқубжон Мелибоев (видео), ЎзА

Доҳа, Қатар