Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида 2025 йил 4 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) шафелигида бўлиб ўтган Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммити глобал миқёсда ижтимоий адолат, қашшоқликка барҳам бериш ва инклюзив тараққиёт каби долзарб муаммоларга эътибор қаратди.
Анжуман ишида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, БМТ Бош Ассамблеяси ва ЭКОСОС раҳбарлари, қатор давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштироки тадбирнинг юксак халқаро мақомини белгилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам шундай нуфузли тадбирда қатнашиб, анжуман якунида қабул қилинган Доҳа сиёсий декларациясини тўлиқ қўллаб-қувватлаши, ҳужжатда назарда тутилган барча тамойилларини ҳаётга татбиқ этишга тайёрлигини тасдиқлаши мамлакатимиз олиб бораётган "Инсон қадри учун" шиори остидаги ички сиёсатнинг глобал даражадаги мантиқий давоми эканини тасдиқлайди.
Доҳа сиёсий декларацияси 1995 йилда қабул қилинган Копенгаген Декларацияси мақсадларини замон талаблари асосида янгилаб, Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишнинг ижтимоий-гуманитар жиҳатларини мустаҳкамлашга қаратилган. Декларациянинг асосий мазмун-моҳияти уч ўзаро боғлиқ йўналишда мужассам: қашшоқликни тубдан йўқотиш, аҳолини тўлиқ ва самарали бандлик билан таъминлаш ҳамда жамиятда ижтимоий интеграция ва адолатни мустаҳкамлаш. Ҳужжат халқаро ҳамжамиятни ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, айниқса аёллар, ёшлар, мигрантлар ва ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқини ҳимоя қилишга чақиради.
Ўзбекистон бу ҳужжатни қатъий қўллаб-қувватлаши – мамлакатимизнинг глобал ижтимоий стандартни миллий қонунчилик ва амалиётга интеграция қилишга тайёрлиги, бу борада ўз тажрибасига таянишини тасдиқлайди.
Президентимизнинг Доҳа декларациясини қўллаб-қувватлаши Ўзбекистоннинг миллий манфаати ва халқаро сиёсатдаги ўрни нуқтаи назаридан беқиёс стратегик аҳамият касб этади. Миллий ислоҳотларнинг глобал легитимлиги шундаки, Ўзбекистонда амалга оширилаётган Қашшоқликни қисқартириш дастурлари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши ва "Маҳаллабай" тизими жорий этилиши Декларация тамойиллари билан тўлиқ уйғун. Мазкур ҳужжатни қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистон ўз ички ижтимоий сиёсати БМТ томонидан белгиланган халқаро стандартларга мослигини тасдиқлайди ва бу борадаги тажрибасини глобал миқёсда тарғиб қилиш имконига эга бўлади. Бу, ўз навбатида, мамлакатнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга Доҳа саммити Ўзбекистон учун глобал молиявий механизмларга таъсир ўтказиш майдони бўлди. Давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилган Глобал ижтимоий адолат Фондини ташкил этиш ташаббуси Декларациянинг Халқаро шериклик ва молиявий кўмак тамойилига амалий асос яратишга қаратилган. Мазкур фонднинг шакллантирилиши мамлакатимизнинг глобал ижтимоий молия архитектурасини шакллантиришдаги етакчилик ролини кучайтиради. Қолаверса, фонд орқали ижтимоий дастурларни молиялаштириш учун қўшимча хорижий инвестиция, грант ва техник кўмак жалб қилиш имкониятимиз кенгаяди.
Инклюзивлик ва миграция сиёсатини халқаро стандартга мувофиқлаштириш ҳам муҳим жиҳат. Декларация инклюзивлик доирасида мигрантлар ҳуқуқи муҳофазасини тақозо этади. Президентимизнинг Мигрантларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро форумни ташкил этиш таклифи айнан шу мақсад – меҳнат мигрантларининг хориждаги ҳуқуқини халқаро даражада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ташаббус орқали мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари ва халқаро меҳнат стандартларига содиқлиги амалда исботланади, миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари манфаатини ҳимоя қилишда янги босқич бошланади.
Декларация тамойилларини ҳаётга татбиқ этишга тайёрлик мамлакатимиз учун мавжуд миллий дастурларни янада такомиллаштириш имконини ҳам беради. Жумладан, Доҳа Декларациясининг мақсадлари "Ўзбекистон-2030" стратегияси ва Миллий БРМ билан тўлиқ интеграция қилиниб, ижтимоий сиёсатнинг тизимлилиги ва изчиллиги янада оширилади. Ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнини рақамлаштириш ва шаффофлигини оширишда халқаро тажриба қўлланади. Бу эса "Ижтимоий реестр" тизими самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида ижтимоий интеграция ва тенгсизликка қарши курашда етакчилик қилиш учун Доҳа платформасидан самарали фойдаланиши мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг Доҳа сиёсий декларациясини тўлиқ қўллаб-қувватлаши – мамлакатнинг халқаро майдондаги фаол позицияси ва глобал ижтимоий тараққиётга дахлдорлик сиёсатининг яққол намоёнидир. Президентимиз томонидан илгари сурилган Глобал ижтимоий адолат Фонди ва Мигрантларни ҳимоя қилиш халқаро форуми каби аниқ ташаббуслар мазкур ҳужжат тамойилларини қоғоздан амалиётга кўчиришда Ўзбекистоннинг етакчилик ролини кучайтиришга қаратилган. Шубҳасиз, Доҳа саммити ва анжуман якунидаги декларация Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янги, янада инклюзив ва халқаро эътирофга сазовор босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутади.
А. Ғаффоров, ЎзА