Доғистон республикасидаги Дарбент - Озарбайжон Давлат драма театрининг 121 - мавсуми таниқли ўзбек драматурги Қўчқор Норқобилнинг “Ўз соянгдан қўрқ” номли комедияси билан очилди. Давлат буюртмасига биноан озар тилида қўйилган ушбу асар кўп миллатли тоғли ўлка саҳнасида русча синхрон таржима орқали ҳам намойиш этилди.
Комедияни истеъдодли ўзбек режиссёри Фарҳод Бойназаров саҳналаштирди.

Томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинган мавсумнинг ушбу илк спектаклида давримизга хос долзарб мавзу ва оғриқли муаммо аччиқ кулги остида маҳорат билан ифодаланган. Интернет оламига мутлоқ тобе бўлиб, қўлтелефонга боғланиб қолган қавмнинг бир - биридан тобора узоқлашиб бораётгани, инсоний меҳр - муҳаббат, оқибат тушунчаларига дарз кетаётгани, миллий қадриятлар топталаётгани, маънавий тушунчаларнинг емирила бошлагани, китобхонлик ва мутолаага қизиқиш сўниб бораётгани ҳаётий ҳақиқатлар орқали саҳнада ўз аксини топган. Асарнинг муваффақият қозонишида Доғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, режиссёр Д.Хандадашева, Доғистон Республикасида хизмат кўрсатган рассом Д.Исаков, Доғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, бастакор Д.Бейбалаева, таржимон А.Нажафов каби соҳа вакилларининг ҳам меҳнати алоҳида эканлигини таъкидлаш жоиз.

– Мавсум очилишида намойиш этилган ушбу асар кўп миллатли доғистонликлар олқишига сазавор бўлди. Энг муҳими, ўзбекистонлик ижодкор дўстларимиз билан ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилди. Албатта, бу анъана кейинчалик ҳам давом этади, – дейди Доғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, театр бош директори Ф. Аскеров.

Комедияда Доғистон республикасида хизмат кўрсатган артистлар — Магеррам Омаров, Ёқут Хандадашева, Роҳила Омарова, Шукуфа Меликова, Моҳир Меликов ҳамда қатор маҳоратли актёрлар ўз ролларини маромига етказиб ижро этишган.
– Саҳнадаги воқеалар гарчанд кулгу остида кўрсатилган бўлса-да, томошабинларларни жиддий ўй ва хулосага ундагани шубҳасиз. Чунки, спектаклда айнан Доғистон халқларининг ҳозирги турмуш тарзига ҳам тааллуқли ҳаёт манзаралари акс этган, – дейди Озарбайжон Республикасида хизмат кўрсатган артист, театр бош режиссёри Сарвар Алиев.
ЎзА