Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи ва таржимон Янгибой Қўчқоровнинг атоқли авар шоири, кўплаб халқаро мукофотлар соҳиби Расул Ҳамзатов таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб чоп этилган “Доғистон донишманди” (“Дагестанский мудрец”) китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, адабиётшунос олимлар Зуҳриддин Исомиддинов, Адҳамбек Алимбеков ва бошқалар Янгибой Қўчқоров адабиёт, миллий журналистика соҳасида фаол қалам тебратаётган ижодкорлардан эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, шу кунга қадар муаллифнинг қатор шеърий, насрий, публицистик ва таржима китоблари чоп этилган. “Жайҳун бўйлаб оққан сўз”, “Ой теграсида юлдузлар”, “Донишманд шоир дунёси”, “Кумуш чўққи ёғдулари”, “Асрларнинг армонлари” номли ва бошқа китоблари шулар жумласидандир. “Кўк минорга қўнган қуш” ва “Бургутга бош эгмаган барс” романлари эса олис ва яқин тарихимизнинг муҳим воқеаларига бағишланган. Янгибой Қўчқоров таржимон сифатида қорақалпоқ шеъриятидан “Навоийдан савод очдим”, қозоқ шеъриятидан “Оққув қанотига қўнган оҳанглар” китобларини, Абай шериятидан “Кўзимнинг қораси” шеърий тўпламини нашрдан чиқарди. У икки халқ мумтоз ва замонавий шеъриятидан 100 дан ортиқ шоирларнинг шеърларини китобхонларга етказди.
[gallery-11845]
Я.Қўчқоров таржимасида Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Юсуповнинг “Тўмарис”, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгесбай Каримовнинг “Ярадор сакуралар” достонлари, Нобель мукофоти лауреати С.Алексиевичнинг “Урушнинг аёлга ёт қиёфаси”, В.Суминнинг “Сўнгги ва биринчи субҳидам” романлари чоп этилди. Унинг ташаббуси билан устози Ошиқ Эркин ҳамкорлигида 2 жилдлик “Алишер Навоий ғазалларига мухаммаслар” китоби чоп этилди. “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 томлигининг 79-жилдини Я.Қўчқоров нашрга тайёрлади, сўзбоши ёзди. Ўз таржималари билан бошқа жилдларда иштирок этди. Ижодкор публицист сифатида даврий матбуотда долзарб мақолалари билан қатнашиб туради.
Адибнинг “Доғистон донишманди” эсселар китоби ўзбек ва қорақалпоқ адибларининг энг яқин дўсти, “Йигирманчи асрнинг энг яхши шоири” номини олган Расул Ҳамзатов ҳаёти ва ижодига бағишланган. Асарда шоирнинг биринчи шеъри жаҳоннинг ўндан ортиқ тилларида берилган.
Мазкур асар “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилган. Тақдимот тадбирида китобнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА