Дизайн санъати таълимидаги халқаро ҳамкорлик
Мамлакатимиз олий таълим даргоҳларининг хориждаги нуфузли университетлар, ўқув масканлари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиши педагог-кадрлар салоҳиятини юксалтириш, ўқув ишларининг сифатини янада такомиллаштиришда муҳим омилдир.
Мамлакатимиз олий таълим даргоҳларининг хориждаги нуфузли университетлар, ўқув масканлари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиши педагог-кадрлар салоҳиятини юксалтириш, ўқув ишларининг сифатини янада такомиллаштиришда муҳим омилдир.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Erasmus + Kredit Mobility дастури доирасида Европанинг кўплаб етакчи университетлари, хусусан, Бирмингем Сити университети (Буюк Британия), Клуж Напокадаги Санъат ва дизайн университети (Руминия), Овидиус университети (Руминия), Мурcиа олий дизайн мактаби (Испания), Польша тасвирий санъат академияси билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда.
2019 йилда ушбу алмашув лойиҳаларида институтнинг кўплаб профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди. Институт Бирмингем Cити университети билан 2018 йил 25 октябрда Erasmus + лойиҳаси доирасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзолаган. Битимга мувофиқ ўзаро ўқитувчи ва талабалар алмашинуви йўлга қўйилган.
Мазкур лойиҳа доирасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев бошчилигидаги бир гуруҳ педагоглардан иборат делегация Бирмингем Cити университетида амалий ташриф билан бўлди.
Маърифий сафар давомида Бирмингем Cити университети жамоаси учун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолияти, дарс жараёнлари, ютуқлари ҳамда юртимизда сўнгги уч йилда таълим соҳасида амалга оширилган ўзгаришлар, эришилган муваффақиятлар ҳақида тақдимот ўтказилди.
Шунингдек, “Erasmus +” нинг Бирмингем Cити университетидаги офиси раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиб, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда биргаликдаги янги лойиҳалар борасида фикр алмашинилди. Мазкур университетнинг халқаро бўлими мутасаддилари билан ўтказилган учрашув ҳам самарали кечди. Унда ҳар икки олий таълим муассасасининг ҳамкорлик истиқболларига жиддий эътибор қаратилди.
Дарс жараёнларида “Анъанавий ўзбек либоси” мавзусида маъруза ва тақдимот қилинди. Унда миллий ва анъанавий ўзбек либосларининг тарихи, бичимлари, шакли, безаклари, унга қўлланиладиган матолар ҳақида батафсил маълумот берилди. Анъанавий либосларимизнинг ўзига хослиги, ҳар бир ҳудуднинг либос санъатига доир бетакрор мактаб ва анъаналари ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу маҳорат дарслари Бирмингем Сити университети талабалари билан бирга олий таълим даргоҳининг ўқитувчиларида ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Делегация аъзолари, шунингдек, ташриф давомида Бирмингем Cити университетининг вице-президенти, профессор Элисон Хоноур билан ҳам учрашди. Юқори даражадаги бу учрашув расмий бўлишига қарамай, дўстона суҳбат тарзида ўтди. Институт ҳақидаги тақдимот Элисон хонимда катта қизиқиш уйғотиб, у Бирмингем Сити университети наинки либос дизайни йўналишида, балки интерьер дизайни, бадиий фото, анимация ва мультипликация, китоб графикаси йўналишларида ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади. Учрашувда икки томонлама диплом олиш, магистратуранинг янги йўналишларини очиш ҳамда докторантурада янгича тадқиқотларни амалга ошириш бўйича келажакдаги режалар муҳокама қилинди.
Aйтиш мумкинки, институтнинг Бирмингем Cити университети билан ҳамкорлиги мустаҳкам асосларга эга. Ушбу университетнинг профессор-ўқитувчилари Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига келиб, турли маъруза ва тақдимотлар, маҳорат дарслари ва амалий машғулотлар ўтказган. Шунингдек британиялик ўқитувчи-ижодкорлар “Инсон – муҳит – санъат – 2019” номли II Тошкент Халқаро амалий санъат биенналисида ҳам фаол қатнашган эдилар. Буюк Британиялик педагоглар, таълим соҳаси мутасаддилари, талаба-ёшлар бу каби учрашувлар ҳар икки мамлакат ўқув даргоҳи учун бирдек фойдали эканини алоҳида эътироф этдилар.