Диёра Келдиёрова жаҳон чемпионати шоҳсупасида
Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида дзюдо бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида дунёнинг 107 давлатидан келган дзюдочилар рақобатлашмоқда.
Мусобақанинг илк кунги саралаш беллашувларида Диёра Келдиёрова -52 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилди.
Диёра финалгача барча саралаш беллашувларида Анна Виктория Пулиз (Хорватия), София Фиора (Аргентина), Бинта Ндиайе (Швейцария) ҳамда Ҳибики Шираишини (Япония) мағлуб этди.
Дзюдочимиз жаҳон чемпионатининг олтин медали учун италиялик Одетте Гюффридага қарши татамига чиқди. Бироқ Диёрага ушбу беллашувда бироз омад етишмади.
Шундай бўлсада, Диёра Келдиёрова жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори бўлди ҳамда қимматли 1400 рейтинг очкосини ҳам ўз ҳисобига ёздириб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, Диёра ўтган йили Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида ҳам кумуш медални қўлга киритган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА