Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Диёра Келдиёрова дзюдо мактаби халқаро мукофотга сазовор бўлди
22:50 / 2026-02-08

Франция пойтахти Парижда Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) “Paris Grand Slam” турнири доирасида 2025 йилги мавсум якунларига кўра, бир нечта номинация бўйича энг яхшиларни тақдирлади.

“IJF Judo Awards-2025” тадбири давомида Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан тақдим этилган "Йилнинг энг яхши болалар лойиҳаси" номинациясида Диёра Келдиёрова дзюдо мактаби ғолибликни қўлга киритди.

Тақдирлаш маросимида мукофотни Олимпия ўйинлари ғолиби Диёра Келдиёрова қабул қилиб олди. Тантанали маросимда Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Aзизжон Комилов бошчилигидаги расмий делегация иштирок этди.

Бу шунчаки мукофот эмас, келажак чемпионларини тарбиялаш йўлида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга халқаро ҳамжамият томонидан берилган муносиб баҳо, дейиш мумкин.

Дарҳақиқат, юртимизда маҳоратли ёшларни оммавий спортга жалб этиш мақсадида  ҳудудларда ўнлаб янги дзюдо заллари фойдаланишга топширилди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги 17-мактабда Диёра Келдиёрова номидаги дзюдо мактаби фаолият бошлади. Ташкил этилганига кўп бўлмаган ушбу ихтисослаштирилган дзюдо залида бугунги кунда 300 нафарга яқин болалар шуғулланмоқда.

Яна бир гап. Халқаро дзюдо федерацияси томонидан илгари сурилган “Мактабларда дзюдо” дастури нафақат пойтахтимизда, балки республикамизнинг барча ҳудудларида муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Париждаги маросимда Ўзбекистонда спортни таълим тизимига самарали интеграция қилиш бўйича халқаро ҳамжамиятга намуна кўрсатадиган ишлар самарали давом эттирилаётгани эътироф этилди.

Т.Рўзиев, ЎзА