"Дийдор" ёшлар театр-студияси ўзининг янги мавсумини Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг "Майсаранинг иши" спектакли билан бошлади.
"Дийдор" театр - студияси янги ижодий мавсумининг Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев таваллуд кунида очилгани бежиз эмас.
Зеро, мазкур даргоҳнинг ташкил этилишида, унда энг сара саҳна асарларининг яратилишида атоқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев жонбозлик кўрсатган.
Маълумки, Ҳамзанинг "Майсаранинг иши" спектакли бир қанча театрлар томонидан саҳналаштирилган. Айни пайтда мазкур саҳна асари "Дийдор" театр-студияси бадиий раҳбари Бобур Йўлдошев ва Руслан Ҳайдаров томонидан саҳналаштирилди.
Спектаклнинг ўзига хос завқли талқини, асар мазмунига путур етказилмаган ҳолда ижодий ёндашилгани эътиборга молик. Унда асосий ролларни Ирода Қосимова, Хуршида Арабшоева, Умид Узоқов, Отабек Искандаров, Севинч Далабоева, Севинч Қурбонова, Ҳасанбой Мамашарипов, Фарҳод Зокиров, Зафар Қутлимуродов ва бошқа актёрлар ижро этган.
Н.Усмонова, ЎзА