Мамлакатимизда буюк адиб ва шоирлар хотирасини эъзозлаш, уларнинг бебаҳо маънавий меросини асраб-авайлаш ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш, таваллуд саналарини юксак савияда нишонлаш эзгу анъанага айланган.
Ана шундай ибратли қадриятлардан бири — ўзбек халқининг севимли шоираси, жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилова таваллудини нишонлаш эзгу анъаналардан бирига айланган.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида устоз шоира таваллудининг 111 йиллиги муносабати билан бир қатор маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.
Хусусан, Адиблар хиёбонидаги Зулфия ҳайкали пойида шоира хотирасига эҳтиром кўрсатилди. Маросимда вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, ижодкор зиёлилар, таълим муассасалари вакиллари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова Зулфияхоним тимсолида ўзбек аёлининг маънавий қиёфаси, сабр-тоқати ва фидойилиги улуғланганини, шоиранинг ҳаёти ва ижоди бугунги кунда ҳам ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим маънавий манба бўлиб хизмат қилаётганини қайд этди.
– Зулфияхоним — Ўзбекистон халқ шоираси, таниқли жамоат арбоби сифатида нафақат адабиётимиз, балки жамиятимиз маънавий ҳаётида ҳам ўчмас из қолдирган улуғ сиймо, - деди Мукаррам Нурматова. – Унинг сермазмун ижоди, фидокорона жамоатчилик фаолияти айниқса хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этди.
Шоиранинг асарларида Ватанга муҳаббат, инсонийлик, вафо ва садоқат, тинчлик ва эзгулик ғоялари теран ифода этилган. Унинг шеърлари инсон қалбини поклайди, юксалишга чорлайди, маънавий камолот сари етаклайди. Зулфия ижоди бу муҳаббат ва садоқат дарсхонаси, маънавият мактабидир.
“Дийдор бахти насиб яна сиз билан” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирда Зулфия Исроилованинг ўзбек адабиёти, миллий маънавият ва хотин-қизлар маърифати тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси, ижодида она юртга муҳаббат, садоқат, матонат, инсонийлик ва эзгулик ғоялари юксак бадиий талқинда акс этгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, тадбирда иштирокчилар шоиранинг ҳаёти ва ижодий мероси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Халқимиз азалдан аёлни муқаддас зот сифатида эъзозлаб, унинг оила ва жамият ҳаётидаги ўрнини юксак қадрлаб келган. Ана шу юксак ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин ифодаси сифатида 1999 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Мазкур мукофот иқтидорли, ташаббускор ва юксак маънавиятли қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни янги ютуқ ва марралар сари руҳлантиришга қаратилган давлат эътирофи намунаси.
Бугунги кунга қадар таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ҳамда жамоатчилик фаолияти соҳаларида юқори натижаларга эришган 480 нафар иқтидорли хотин-қизлар ушбу мукофот билан тақдирланган.
Маданий-маърифий учрашувда ушбу юксак мукофотга сазовор бўлган қизлар том маънода Зулфияхонимга муносиб издош бўлиш, унинг маънавий меросини давом эттириш, садоқат ва вафо, жасорат ва матонат каби юксак фазилатларни ўз ҳаёт мезонига айлантиришга интилаётгани, ўз билим ва иқтидори, фидойилиги ва ташаббускорлиги билан янги Ўзбекистон хотин-қизларининг замонавий қиёфасини намоён этаётгани алоҳида қайд этилди.
Шоиранинг бой ижодий мероси юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди, унинг шеърлари ва достонларидан парчалар ўқилди, мумтоз ва замонавий куй-қўшиқлар ижро этилди. Тадбир якунида иштирокчилар томонидан Зулфия ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, улуғ шоира хотирасига юксак ҳурмат бажо келтирилди.
Зулфия Исроилова мероси — нафақат адабиётимиз, балки жамиятимиз маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган бебаҳо хазина. Шоиранинг ҳаёти ва ижодий йўли, инсоний фазилатлари ҳамда маърифатпарварлик фаолияти бугун ҳам халқимизнинг қалбида яшамоқда.
Зулфия Исроилова — ўзбек адабиётининг атоқли намояндаси, шоира ва жамоат арбоби. У 1915 йил 1 март куни Тошкент шаҳрида туғилган.
[gallery-27924]
Ўрта мактабдан сўнг педагогика институтида ва аспирантурада таълим олган. Меҳнат фаолияти давомида болалар нашриёти ҳамда нашриёт тизимида масъул лавозимларда ишлаган, 1950–1980 йилларда “Саодат” журналидаги фаолияти орқали маърифат ва ижтимоий фикр ривожига муносиб ҳисса қўшган.
Шоиранинг 1932 йилда “Ҳаёт варақалари” номли илк шеърий тўплами нашр этилган. Кейинчалик “Юрагимга яқин кишилар”, “Юрак ҳамиша йўлда”, “Камалак” каби кўплаб тўплам ва туркумлари эълон қилинган. Халқ орасида “Ойдинда”, “Сенсиз”, “Юрак”, “Фалак”, “Баҳор келди сени сўроқлаб” сингари шеърлари кенг оммалашган. Шунингдек, “Уни Фарҳод дер эдилар”, “Қуёшли қалам”, “Хотирам синиқлари” каби лирик ва лиро-эпик достонлар муаллифи.
Зулфия Исроилова ижодида инсон қалби, аёл шаъни, садоқат ва матонат мавзулари алоҳида ўрин эгаллайди.
У жаҳон адабиётининг бир қатор мумтоз намояндалари асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Шоира халқаро ва миллий мукофотлар, жумладан, Жавоҳарлаъл Неру, “Нилуфар” мукофотлари, Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, шунингдек, “Кирилл ва Мефодий” ордени соҳиби ҳисобланади.
Устоз шоира таваллудининг 111 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбирлар, анжуманлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА