Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дирк Киншерф: Наврўз шаҳримизнинг ноёб маданий хилма-хиллигини янада бойитади
16:11 / 2024-03-26

Гамбург шаҳри ратушаси (ҳокимияти)даги Маросимлар майдонида “Наврўз айёми-2024 – Баҳор фаслини бирга кутамиз” номли тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Озарбайжоннинг ГФРдаги элчихоналари, Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) Гамбургдаги парламент гуруҳи ҳамда “Nowruz-Forum e.V.” иқтисодий ва маданий мулоқот ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда масъуллар, ушбу мамлакат жамоат ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Гамбург парламентидаги ГСДП фракцияси раиси Дирк Киншерф, “Nowruz-Forum e.V.” президенти Курос Пуркян, ушбу федерал ўлка Сенати давлат канцелярияси департаменти бошлиғи Коринна Ниенштедт сўзга чиқиб, Наврўз турли халқлар ўртасида дўстликни, кўплаб жабҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашдек эзгу мақсадга хизмат қилиши, ушбу байрам арафасида бунёдкорлик кенг кўлам касб этиб, хайрия тадбирлари ўтказилиши анъанага айланганини таъкидлади.

– Гамбург – “Дунё дарвозаси”, Наврўз халқаро ҳамжамияти учун кўприкдир, – деди Дирк Киншерф. – Биз гамбургликлар кўкламни ушбу мамлакатлар билан бирга нишонлашдан фахрланамиз. Баҳорий айём – Наврўз шаҳримизнинг ноёб маданий хилма-хиллигини янада бойитади.

Иштирокчи мамлакатлар вакиллари шаҳар жамоатчилигига ахборот стенди, миллий ширинликлари ҳамда ҳунармандлик маҳсулотларини намойиш этди. Миллий услубда безатилган Ўзбекистон стенди кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Тўпланганларга юртимиз туристик салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи буклет, тарқатма материаллар тақдим этилди.

Гамбург Шимолий Германиянинг иқтисодий локомотиви, халқаро миқёсда эътироф этилган “савдо дарвозаси” ҳисобланади. Ушбу шаҳар денгиз порти туфайли Ганза иттифоқига кирган ва Европадаги энг йирик савдо майдонларидан бири сифатида машҳур.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА