Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Диққат марказида молиявий ёрдам, бедарак йўқолганлар ва эҳтимолий музокаралар...
18:22 / 2022-11-25

Россия-Украина

МАГАТЭ Бош директори Рафаэль Гросси Запорожье АЭС атрофида хавфсизлик ҳудуди ташкил этиш бўйича музокарада анча олдинга силжиш борлигини таъкидлаган. “Би-би-си”га берган интервьюсида у “АЭС фаол жанговар ҳаракат ҳудудида жойлашгани учун бу масалада аниқ битимга келиш осон эмас. Икки томон келишуви мураккаб жараён”, деди.

АҚШ Президенти Жо Байден баёнотига кўра, Конгрессда Киевга ёрдам кўрсатишни давом эттириш тарафдорлари етарли. Оқ уй матбуот хизмати хабарида “Ҳозир Украинани ташлаб кетадиган замон эмас. Республикачилар орасида ҳам Киевни қўлловчилар кўплаб топилади”, дейилган.

“Politico” нашри Конгрессдаги республикачи фаоллар Оқ уйнинг Киевга 38 миллиард доллардан ортиқ ёрдам кўрсатиш лойиҳасини қўлламоқда, деб ёзди.

Февраль ойидан бери 15 мингдан кўп украиналик бедарак йўқолган, дея баёнот берди Бедарак йўқолганлар масаласи бўйича халқаро комиссия директори Мэтью Холлидей “Reuters” агентлигига.

“Бу тахминий рақам, улар янада кўпроқ бўлиши мумкин. Ҳозир вафот этганларни аниқлаш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда”, деб қўшимча қилган мулозим.

Беларусь Ички ишлар вазирлиги Украина атрофидаги зиддиятда 160 мамлакат фуқароси иштирок этаётганини аниқлади. Бу ҳақда вазир Иван Кубраков “ОНТ” телеканали мухбирига айтиб ўтди.

“Йигитларимиз бошқа мамлакат ҳудудида бегона мафкурани қўллаб юриши жуда ачинарли. Ўз юртини ташлаб, бошқа давлатда жон бериш эса янада қайғули», деди у.

Украина Қуролли кучларининг 14 мингдан зиёд ҳарбий хизматчиси хорижда тайёргарликдан ўтиб қайтган. Уч мингдан кўп ҳарбий чет элда ўқишни давом эттирмоқда. Бу ҳақда мамлакат Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқарма бошлиғи ўринбосари, генерал Алексей Громов маълум қилди.

Президент Владимир Зеленский Украина ўз ҳудудларини, жумладан, 2014 йилда қўлдан кетган Қримни қайтариб олади, дея баёнот берди.

“Financial Times” иқтибосига кўра, “Дипломатия йўқ жойда жанг бор. Фақат Қрим ноҳарбий йўл билан қайтариб берилса, эътироз билдирмаймиз”.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Зеленскийнинг гапини ОАВ нотўғри тарқатганини айтиб чиқди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу ахборотлардан “Украина Россия билан музокара ўтказишга, деярли, тайёр”, деган мазмун чиқади. “Бу мутлақо нотўғри”, деган Песков.

Аброр ХОН, ЎзА