Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Дипломатик сервис хизмати” давлат муассасаси ташкил этилади
12:02 / 2026-01-27

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикасидаги хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ташкилотларга хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Дипломатик сервис хизмати” давлат унитар корхонаси негизида Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Дипломатик сервис хизмати” давлат муассасаси ташкил этилади. 

Қуйидагилар Дипсервис хизматининг асосий вазифалари этиб белгиланди: 

Ўзбекистон Республикасидаги хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасида фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларга комплекс сервис хизматлари кўрсатиш, дипломатик ваколатхоналарнинг тегишли равишда фаолият кўрсатишини таъминлашга доир масалаларни ҳал этиш ва тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш; 

Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларда назарда тутилган дипломатия ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш ва уларни жойлаштириш тадбирларини амалга ошириш; 

дипломатик ваколатхоналар ва уларнинг ходимларини жойлаштириш учун ажратилган бино ҳамда хоналарни ижарага бериш, кўчмас мулкнинг ижара ва олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришда кўмаклашиш (воситачилик қилиш), шунингдек, ушбу бино ва хоналардан фойдаланишни таъминлаш; 

Ташқи ишлар вазирлигига хорижий давлатлар расмий делегацияларининг Ўзбекистонда бўлиши билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда, Ҳукумат ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро тадбирларни Ҳукумат даражасида, шу жумладан, хорижий давлатларда ўтказишга, хорижий давлатларга хизмат сафарига борадиган ходимларга авиачипталар харид қилиш, шунингдек, автотранспорт хизматларини кўрсатишда кўмаклашиш; 

Дипсервис хизмати вазифаларига тааллуқли масалаларда давлат органлари ва ташкилотларида дипломатия ваколатхоналарнинг манфаатларини ифода этиш, шунингдек, дипломатик ваколатхоналарда ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; 

дипломатик ваколатхоналар ходимларининг бўш вақти ва дам олишини ташкил этиш, туризм, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида хизматлар кўрсатиш; 

дипломатик ваколатхоналар, халқаро ҳукуматлараро ва ноҳукумат ташкилотлар, хорижий давлатларнинг ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари, уларнинг ваколатхона ва филиаллари, мухбирлари, мухбирлик пунктлари (бюро, офислари), савдо ваколатхоналари, хорижий банклар ва бошқа тижорат ташкилотлари ваколатхоналари, доимий муассасалар, шунингдек чет эл инвестицияси ва капитали иштирокидаги корхоналар ҳамда Ўзбекистон Республикасида шахсий, хизмат ишлари бўйича, ўқиш ёки туризм мақсадида доимий яшайдиган ёки вақтинча бўладиган хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан ижарага олинган автотранспорт воситаларини рўйхатга олиш (қайта рўйхатга олиш), рўйхатдан чиқариш, техник кўрикдан ўтказиш, ҳайдовчилик гувоҳномаларининг эквивалентларини бериш (алмаштириш) ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш; 

божхона ҳужжатларини расмийлаштириш, дипломатик ваколатхоналар номига келадиган юкларни декларациялаш, божхонада ишлов бериш; 

дипломатик ваколатхоналарнинг радиоэлектрон алоқа воситалари ва радиоузатувчи қурилмаларни сотиб олиш, ўрнатиш, олиб кириш ва улардан фойдаланиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш; 

дипломатик ваколатхоналар меҳмонларини рўйхатга олиш, уларнинг кириш визаларини расмийлаштириш ва уларга виза берилишида кўмаклашиш, дипломатик ваколатхоналарда ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш; 

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини дипломатик ваколатхоналарга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарига тегишли мурожаатга мувофиқ муддатли меҳнат шартномалари асосида уларнинг маҳаллий ходимларини ишга жойлаштиришни, ишга қабул қилиш ёки бўшатиш тўғрисида тегишли буйруқларни расмийлаштириш, иш стажи ҳисобини юритиш, меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритишни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали техник жиҳатдан амалга оширишда кўмаклашиш. 

Қарорга мувофиқ, Дипсервис хизмати Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Дипломатик сервис хизмати” давлат унитар корхонасининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади ва фаолиятини ўзини ўзи молиялаштириш (хўжалик ҳисобида фаолият юритиш) асосида, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган пуллик хизматлар кўрсатиш орқали амалга оширади. 

Маълумот ўрнида, олдинроқ Ўзбекистон Республикасининг “Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига унитар корхона шаклини тугатиш билан боғлик ўзгартиришлар киритилган эди.

ЎзА