Ташқи ишлар вазирлигида “Дипломатик атамалар изоҳли луғати” китоби тақдимотига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш жамғармаси, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети, республикамиздаги турли вазирлик, идоралар раҳбарларининг давлат тили бўйича маслаҳатчилари, ўқитувчи ва талабалар иштирок этган тадбирда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида” қонун қабул қилиниши она тилимизни нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам кенг тарғиб қилиш учун кенг имконият очгани таъкидланди.
Хусусан, Буюк Британия, Португалия, Германия, Жанубий Корея, Франция, Афғонистон, Бельгия, Япония каби 30 га яқин хорижий мамлакатда, “Ўзбек тили дўстлари” клуби ташкил қилингани қайд этилди.
[gallery-5806]
Исроил Шамсимуҳамедов муаллифлигидаги “Дипломатик атамалар изоҳли луғати”да ҳозирги ўзбек тилининг халқаро муносабатларга доир соҳаси, яъни сиёсат ва дипломатияда қўлланаётган 400 га яқин атама, сўз бирикмаси ҳамда номлар жамланган. Қўлланма халқаро муносабатлар, сиёсатшунослик фанлари ўқитиладиган университет, институтлар тадқиқотчилари, ёш дипломат ва талабалар, таржимонлар, қолаверса, шу соҳа билан қизиқувчи китобхонлар оммасига мўлжалланган.
— Бир гал озарбайжонлик дўстларим менга 2005 йил нашр этилган “Дипломатия энциклопедик луғати” китобини совға қилди, — дейди И.Шамсимуҳамедов. — Маълум муддат ўтиб, охирги йилларда тузилган халқаро шартномалар билан танишиш жараёнида турли нотаниш атамаларга дуч келдим. Шу икки воқеа мазкур китоб яратилишига туртки берди.
Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва консуллик хизматлари ходимлари ҳам учрашувда онлайн тарзда иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Улуғбек Маҳмирзаев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА