Шу кунларда Покистоннинг Лаҳор шаҳрида Панжоб университети ва Хитой Халқ Республикасининг Покистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Минтақавий алоқаларда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси аҳамияти” мавзусида Халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
15 мамлакатдан олимлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этаётган анжуманнинг бугунги сессиясида , жумладан, Ўзбекистондаги “Diplomat University” ректори Элёр Маҳмудов минтақавий алоқаларда “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг аҳамияти, лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистоннинг ўрни ва ролига бағишланган маърузаси билан иштирок этди.
Конференция доирасида “Diplomat University” ва Панжоб университети ўртасида таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликни кўзда тутувчи Англашув меморандуми ҳам имзоланди.
Покистондаги илк олий ўқув юрти, 1882 йил асос солинган Панжоб университети мамлакат олий таълими ва фани етакчиларидан бири ҳисобланади. QS университетлар халқаро рейтингида 800-ўринни эгаллаган мазкур имл маскани Нобел мукофотининг 3 нафар совриндорини тайёрлаган.
Иқтисодиёт ва ахборот технологиялари соҳалари учун кадр тайёрлашга ихтисослашган “Diplomat University” хусусий университетига 2021 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан олий таълим фаолиятини олиб бориш учун лицензия берилган.
Университетда халқаро муносабатлар, бизнес бошқаруви, инглиз, араб ва хитой тиллари бўйича таълим йўналишлари йўлга қўйилиши арафасида. “Diplomat University” фаолияти билан қизиққан Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларидан бири “Daily Ittehad” ўз саҳифасида университет ҳақида мақола чоп этди .
Аҳамиятли жиҳати, “Diplomat University” қисқа фурсат ичида дунёнинг қатор нуфузли олий таълим муассасалари билан Англашув меморандумларини имзолади. Жумладан, Санкт-Петербург давлат университети, Қозон федерал университети, Этвош Лоран номидаги Будапешт университети, Ал-Фаробий номидаги Қозоқ миллий университети, Истанбул тижорат университети, Теҳрон, Кёнсон, Ляонин, Ҳелвон, Балх университетлари, Беларус давлат университети, Ислом Маланг университети, Қирғизистон халқаро университети. билан ўқув режалари ва дастурлар ишлаб чиқиш бўйича тажриба алмашилди. Келгусида мазкур ўқув даргоҳларида талабаларнинг амалиёт, стажировка ўташи кўзда тутилган.
Ғ.Хонназаров, ЎзА